Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Навоий ҳайкали атрофига расмий тадбирлардан ташқари вақтларда ҳам йиғилиш мумкин(ми?)

Кеча Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номи билан аталувчи марказий истироҳат боғида, мутафаккир ҳайкали ўрнатилган майдонда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, олий, ўрта махсус ва халқ таълими муассасаларининг талаба ва ўқувчилари йиғилгани ҳақида хабар бергандик.

Эрталабки маросим тугагандан сўнг аксарият ҳолларда Навоий ҳайкали атрофида гавжум одамларни учратмайсиз. Кеча бу “анъана”ни вилоят Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ходимлари “бузишди”.

Яъни, ҳудудий бошқарма ишчи-ходимлари расмий тадбир тугаган бўлса-да, буюк бобокалонимиз ҳайкали атрофига йиғилиб, мутафаккирга эҳтиром кўрсатдилар.

Бошқарма бошлиғи Шерали Йўлдошев Навоийнинг эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби гўзал фазилатлари, маънавий-ахлоқий қадриятлар тўғрисидаги қимматли фикрлари ёш авлодни баркамол инсон этиб тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини ходимларига сўзлаб берди.

Таҳририятдан: Ўзбек адабий тили, мумтоз адабиётининг асосчиси, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ижодини ўрганиш, асарлари мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ишлари фақат у таваллуд топган санада ёки расмий тадбирлардагина эмас, барча корхона ва ташкилотларда йил давомида амалга оширилиши лозим.

Вилоят Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасининг ушбу ташаббуси бошқа идоралар мутасаддиларига ибрат бўлади, деган умиддамиз.