Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олимлар хулосаси: кўзойнак таққанлар коронавирусга камроқ чалинади

Ҳа, шундай. Кўзойнак тақадиган одамларда коронавирусга чалиниш эҳтимоли анча кам экан. Бу ҳақда OpenBio форуми майдонида биология фанлари доктори, Россиянинг Новосибирск давлат университети бионанотехнология, микробиология ва вирусология лабораторияси раҳбари Сергей Нетесов маълум қилди.

Унинг айтишича, хитойлик олимлар ҳам ўрганишлари давомида худди шундай хулосага келишган. Унинг фикрларини "Российская газета" нашри келтириб ўтди.

- Хитойда ҳам шу бўйича ўтказилган тадқиқот кўзойнак тақадиган одамлар коронавирусга бошқаларга нисбатан беш марта кам чалинишини кўрсатди, - дейди Нетесов. - Хитойда бу жуда аниқ намоён бўлади. Чунки у ерда контакт линзаларни кам тақишса-да, лекин кўриш қобилиятида муаммоси бўлган инсонларнинг 80 фоизидан зиёди кўзойнак тақади. Беморларнинг бор-йўғи 10 фоизини эса кўзойнак тақадиганлар ташкил этган.

Айни чоғда россиялик олим ниқобда юришни ҳам қатъий тавсия қилган. Унинг сўзларига кўра, вирусни юқтиришнинг асосий йўллари бурун ва кўзнинг шиллиқ пардалари ҳисобланади. Шундай экан, бурнини беркитмасдан ниқоб кийган одам худди ниқобсиз юрган билан бир хил ҳисобланади. Ҳидни йўқотиш биринчи навбатда инфекция бурун орқали юққанини кўрсатади. Бу эса энг кенг тарқалган аломатлардан биридир.

Сергей Нетесов, шунингдек, хитойлик мутахассислар вирус инсон терисида 12 соатгача яшашини исботлашгани ҳақида ҳам айтиб ўтди. "Шунинг учун қўлни ювиб юриш жуда муҳим профилактик чора ҳисобланади", дейди у.