Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий Мажлис депутати Паст Дарғом аҳлининг муаммоларини ўрганди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқин Эшназаров Паст Дарғом туманида аҳоли билан мулоқотлар ўтказди.

Учрашувда “Эски жума” МФЙда истиқомат қилувчи Зоира Бердиева сўзга чиқиб, депутатдан уй-жой қуриш учун ер олишда ёрдам сўради.

- Оиламиз кам таъминланган 4 та хўжалик битта уйда яшаймиз. Шароитимиз оғир. Ер ажратилса, бир амаллаб уй қуриб оламиз - деди З.Бердиева.

Шу маҳаллада яшовчи Маърифат Қувватова эса, кам таъминланганлиги учун фарзандини боғчага имтиёзли талаблар асосида жойлаштиришда амалий кўмак сўради.

Ушбу масалалар юзасидан депутат тегишли ташкилотларга сўров чиқарадиган бўлди.

Паст Дарғом тумани “Эски жума” МФЙда яшовчи, боқувчисини йўқотган  З.Азизова эса уйи авария аҳволда эканлиги, айни дамда кам таъминланганлиги боис, таъмирлашга шароити йўқлигини айтиб, бу борада депутатдан кўмак сўради.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ушбу мурожаат юзасидан туман хокими номига депутатлик сўрови юбориб, масалани ижобий ҳал этишини маълум қилди.

- Кейинги пайтларда аҳолининг ижро ҳокимияти органларига ишончи кундан-кунга ортиб бормоқда. Бунга сайёр қабулларда, халқ билан ўтказган мулоқотларда амин бўлаяпмиз, - деди Т.Эшназаров.

Депутат иштирокида “Санчиқул” МФЙда ўтказилган учрашувларда аҳолидан суюлтирилган газ, йўл масаласи ва йўлларни тартибга солиш, пиёдалар йўлакчасига светофор ўрнатиш борасида қатор муаммолар ўртага ташланди. Мазкур муаммоларни Т.Эшназаров ўз назоратига олди.

Бахтигул Қаршиева,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.