Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқдарёда радарларни ЙҲХ ходимлари нега бузиб олиб кетишди? Мутасаддилар автомагистраль йўлни кесиб мактабга борадиган болаларнинг хавфсизлигини ўйламаяптими?

Ҳурматли таҳририят! Мен Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгаши депутатиман. Мен 2019 йил 31 май куни Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи А.Носировга Оқдарё тумани «Оқдарё» МФЙ аҳолиси номидан мурожаат қилган эдим. Мурожаатнинг мазмуни қуйидагича:

«Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» М-37 автомагистралининг 25,5 километрининг чап томонида 29-мактаб жойлашган. Мактабга йўлнинг ўнг томонидан ўқувчилар ўтишга қийналмоқда. Ўқитувчилар қизил байроқча кўтариб автомашиналарни огоҳлантиришига қарамасдан автомобиллар 100-150 км/соат тезликда ўтиб, яна ўқитувчиларни ҳақоратлаб кетмоқда. Шу сабабли ушбу ўтиш жойига тезликни тартибга солиш учун йўл белгилари, фоторадар ёки светофор қўйилса, бир нечта йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинган бўларди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг 2019 йил 13 июнь куни Оқдарё педагогика коллежида бўлган «Сайёр қабули»да ҳам ушбу масалани депутат сифатида кўтарган эдим. Натижада туман ҳокими 2 та онлайн радарга маблағ ажратиб, айтилган жойга ускуналарини ўрнатган эди. Кеча, яъни 14 август куни ушбу ускуналарни туман ЙҲХ ходимлари бузиб олиб кетишди. Сабабини сўрасам, «Бу ерда алоқа йўқ!» - дейишди.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходими билан телефон орқали гаплашдим. У бу ҳақда хабари йўқлигини айтди. Халқнинг депутатга, давлатга нисбатан ишончи йўқолаяпти!? Биз депутатлар халқнинг оғирини енгил қилолмаяпмиз!? Давлат ташкилотлари ҳали ҳам ўз билганидан қолмаяпти.

Тўлқин Ҳомидов.