Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбек нонуштаси халқаро пазандалик чемпионатида ғолиб бўлди

Тошкентда бўлиб ўтаётган “Лаззатли Ўзбекистон-2019”  халқаро пазандалик чемпионатининг дастлабки тур натижаларига кўра, гўшт, балиқ маҳсулотларидан таом тайёрлаш, карвинг ва этно-нонушта йўналиши бўйича илк мусобақалар ғолиблари аниқланди.

Миллий этно-нонушта шарти бўйича Жазоир, Мўғулистон, Руминия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондан келган моҳир ошпазлар беллашди.

Мазкур шартда тайёрланган 7 турдаги нонушта таъмлар уйғунлигидан ташқари, таомлар хилма-хиллиги, тақдим этишдаги креативлик, тозалик каби мезонлар асосида хорижий ҳакамлар томонидан баҳоланди.

Ҳар бир нонуштада турли таомлар, иссиқ чой, ширинликлар, қуруқ мевалар тақдим этилди.

Ўзбек нонуштасида ҳўл ва қуруқ  мевалар, иссиқ қат-қат сомса, варақи, қуш тили, мурабболар, иссиқ нон, қаймоқ, новвот, гўштли ўрамалар миллий сопол идишларда, атлас ҳошияли дастурхон устига қайноқ кўк чой билан тортилди.

Шунингдек ўзбек миллий нонуштасида сутли, гўштли маҳсулотлар, ҳатто вегетарианларга тановул қилиш учун егуликлар талай эканлиги ҳамда таомларнинг иссиқ тортилганлиги хорижлик ҳакамлар тарафидан алоҳида эътироф этилди.

Мусобақа натижасига кўра, румин ва ҳинд нонуштаси учинчи, қозоқ ва алжир нонуштаси иккинчи, ўзбек нонуштаси биринчи ўринни эгаллади.