Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон Молия вазирининг ўринбосари коронавирусдан вафот этди

Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари (55 ёш) Турсунов Ёрқин Эргашевич оламдан ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, 27 июль куни ўта оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Унга «COVID-19» инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўпка шиши, гипергликемик кома каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, гипергликемик комадан вафот этган.

Маълум қилинишича, 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ёрқин Эргашевич Молия вазирлиги тизимида ишлаган. Доим ўзининг меҳнатсеварлиги, хар бир ишга юқори масъулият ва пухталик билан ёндашиши, ҳар кимни тушуниш қобилияти билан ажралиб турган.

«Зийрак раҳбар, олийжаноб ҳамкасб, намунали оила бошлиғи, содиқ дўст ва улкан қалбли шахс. "Ватанга ҳалоллик ва садоқат билан хизмат қилиш" шиори билан яшаган ўз ишининг устаси ва мамлакат ватанпарвари, шижоатли ҳамда фидойи инсон бўлиб хотирланади ва доимо қалбларимизда ажойиб инсон бўлиб қолади.

Ушбу оғир йўқотиш муносабати билан Ё.Турсуновнинг оила аъзоларига таъзия билдирамиз", дейилади хабарда.