Ўзбекистонда 2020 йил қандай йил бўлиши айтилди

Бугун Тошкентдаги “Миллий” стадионида спорт жиҳозлари ортилган хайрия карвонини кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Карвонни кузатиш маросимида сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Норбоева Президентимизнинг ёшларга алоҳида эътибор беришга қаратилган сиёсати ҳақида сўз юритди.

“2020 йил ёшларга янада кўпроқ шароит яратиб бериш йили бўлади. Ўзбекистон аҳолисининг 65 фоизини ёшлар ташкил қилади. Келажак ёшлар қўлида. Шунинг учун ёшлар қанчалик соғлом, билимли ва салоҳиятли бўлса, келажагимиз ҳам порлоқ бўлади”, дейди Танзила Норбоева.

Сенат раисининг айтишига қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларнинг саломатлигини яхшилаш, уларга билим бериш, дунёқарашини кенгайтириш асосий вазифа булиб турибди.

Бугун таълим, спорт соҳаларида бошланган ислоҳотлар бир неча йилдан кейин ўз натижасини беради. Соғлом танда соғ ақл бўлади, дейди Норбоева. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ёшларига жўнатилган ушбу хайрия карвонидан қарийб 50 миллиард сўмлик қийматга тенг 96 турдаги спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари жой олган. Улар 230 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига ҳамда 7 542 та умумтаълим мактабларига етказиб берилади.