Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Пахтакор-79”: Самога сочилган юлдузлар орасида нарпайлик Сирожиддин Бозоров ҳам бор эди

Кеча Сирожиддин Бозоров ўқиган Нарпай тумани 36-мактабда футбол бўйича хотира турнири ўтказилди. Тадбирда тумандошлари марҳум "Пахтакор" футбол жамоаси аъзосини ёрқин хотиралар билан эслади. 

1979 йилнинг 11 август куни ўзбек футболи тарихига қора ҳарфлар билан муҳрланган. Украинанинг Куриловка қишлоғи осмонида юз берган машъум фожиа Тошкентнинг “Пахтакор” футбол жамоасининг 17 нафар аъзосини ҳаётдан олиб кетди.

Авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган “Пахтакор-79” ўғлонлари орасида, жамоанинг энг ёш ўйинчиси, эндигина 18 ёшга тўлган моҳир футболчи нарпайлик Сирожиддин Бозоров ҳам бор эди.

У 1961 йил туманнинг Тортувли қишлоғида туғилиб, 36-умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. 1972 йили Сирожиддиннинг футболга бўлган қизиқиши ва иқтидорини сезган отаси Аҳмад ака уни Тошкентдаги болалар ва ўсмирлар футбол интернати (ҳозирги РОЗМИ)га олиб боради. Бу даргоҳда мураббий Вадим Ятченко унга миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргатади. Икки йилдан сўнг Сирожиддин Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига чақирилади. Мана 40 йилдирки, Сирожиддин Бозоров номи нарпайликлар учун оғир йўқотиш бўлса-да, ғурур-ифтихор тимсолидир. Унинг номига 1980 йилда ўзи ўқиган Нарпай туманидаги 36-мактаб ҳовлисида бюст ўрнатилган.

Туманда ҳар доим қаҳрамонимиз номига футбол бўйича хотира турнирлари ўтказилиб келинмоқда. Бу эса ёш авлодни футболга бўлган ҳаваси ва иштиёқини ошириб келмоқда.  

У ҳақда бир неча бор газета ва журналларда мақолаларим босилган. Кўп бора туғилиб ўсган хонадони ва ўқиган мактабида бўлганман. Оила аъзолари, қариндошлари, яқинлари билан уни илиқ хотирлаймиз.

Ўзбекистоннинг фахрига айланган футбол жамоасини ҳозирда ҳам миллионлаб мухлислари ўз қаҳрамонлари деб ҳисоблашади.

Сирожиддин Бозоров ва “Пахтакор-79” футбол жамоаси қалбимизда ҳамиша барҳаёт!

Зариф Бегимқулов,

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази  Самарқанд филиали

“Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири.