Президент қуриб берган поликлиника қачон жиҳозланади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда Ургут туманидаги Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси давлатимиз раҳбаридан маҳалладаги собиқ шифохона биноси ўрнида оилавий поликлиника қуриш юзасидан ёрдам сўраган эди.

– Президентимиз таклифимни маъқуллаб, эртагаёқ мутасаддилар бориб масалани жойида ўрганиши ва ижобий ҳал этилишини айтган эди, – дейди Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рофе Носиров. – Ҳақиқатдан ҳам йиғилишнинг эртаси куни республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари келиб, вазиятни ўрганди. Ҳудудга оилавий поликлиника зарурлигига уларнинг ўзи ҳам ишонч ҳосил қилди. Негаки, бу ерда илгари туман марказий шифохонасининг аҳоли ўртасида “Қўрғон” деб номланган бўлими фаолият кўрсатганда шу ҳудудда яшовчилар зарурат бўлганда ушбу шифохонага мурожаат қиларди. Қолаверса, авваллари аҳоли сони камлиги учун ҳам поликлиникага эҳтиёж сезилмасди. Энди эса ҳудудда оилалар кўпайди. Тоғ ораларида ҳам аҳоли пунктлари пайдо бўлди. “Қўрғон” шифохонаси тугатилгач, болаларни эмлатиш ёки шифокор кўригидан ўтиш учун 5-6 километр масофадаги марказий поликлиникага бориш одамларга қийинчилик туғдираётганди.

Хуллас, Президентга мурожаат қилинганидан кўп ўтмай, Шодлик маҳалласида эски шифохона ҳудудининг бир қисмида замонавий оилавий поликлиника қурилиши бошланди ва ўша йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилди. Аҳолининг тиббий хизмат билан боғлиқ мушкули осон, узоғи яқин бўлди.

– Бугунги кунда ҳудуддаги саккиз маҳалланинг 18 минг 400 нафардан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрасатяпмиз, – дейди Шодик қишлоқ оилавий поликлиникаси бош врачи Одилжон Аҳмеджонов. – Уч нафар умумий амалиёт шифокори, шунингдек, акушер гинеколог, жарроҳ, терапевт, соматолог мутахассисларимиз, йигирма нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимимиз мавжуд. Лекин олий маълумотли, ёш шифокорларга эҳтиёжимиз бор. Муассасамиз керакли юмшоқ ва қаттиқ мебеллар билан таъминланган.

Биз поликлиникага борганимизда электр энергияси йўқ, хоналар совуқ эди. Муассаса раҳбарининг айтишича, бинони иситиш учун зарур миқдорда кўмир келтирилган. Аммо, иситиш қозонида сув ҳайдаш учун электр энергияси зарур. Шу сабабли электр таъминоти бўлмаганда хоналар ҳам совиб кетар экан. Бундай пайтда тиббий аппаратлардан қандай фойдаланасизлар, деган саволимиздан сўнг поликлиникага ҳали тиббий ускуналар берилмагани ойдинлашди.

– Айни шу масалада вазирликкача мурожаат қилдик, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси. – Республикадан масъуллар келиб ҳолатни ўрганиб кетди. Лекин ҳалигача тиббий аппаратлар берилмади. Бундан ташқари, тоғли ҳудуд бўлганимиз учун тез ёрдам хизматига махсус автомашина сўраганмиз. Албатта, халқимиз маҳаллада поликлиника қурилганидан миннатдор. Энди бу муассаса замонавий жиҳозлар билан ҳам таъминланса, айни муддао бўларди.

Ушбу масала юзасидан Ургут туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Дилшод Тоғаев билан боғланганимизда у ҳам тиббий жиҳоз масаласи вазирлик томонидан кўриб чиқилаётгани, лекин қачон ажратилиши ҳали намаълумлигини қайд этди.

Фойдаланишга топширилганига эндигина бир йил тўлган поликлиника биносининг айрим жойларида қурилиш ишлари билан боғлиқ камчиликларга кўзимиз тушди. Муассаса раҳбари бу камчиликлар қурилиш ташкилотига айтилгани ва тез орада бартараф этилишини айтди. Ишқилиб, поликлиникага янги жиҳозлар ажратилгунча бу нуқсонлар ҳам тузатилсин-да...

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (фото.)