Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қабрдан тирик қайтган инсон

Бу ҳодиса 1831 йилда Англияда содир бўлган эди. Тиббиёт инсониятни даволашга анча ожиз бўлган бир вақтда мамлакатда тиф касаллиги эпидемияси тарқалади. Касаллик сабабларини ўрганиш мақсадида бир гуруҳ тиббиётчи талабалар ўз устозлари билан биргаликда тажриба учун касалликдан вафот этган эркак киши мурдасини олиб келиб, ёриб ўрганмоқчи бўлишади. Тўрт кун олдин тобутга солиб дафн қилинган мурданинг танасини энди ёришни бошлаганда, тўсатдан марҳум бор овозда бақириб, жон ҳолатда шифокорнинг қўлидан маҳкам ушлаб олади. Ҳамма ўлди, деб ўйлаган киши аслида тирик бўлиб чиқади.

Бир ўлиб тирилган марҳумнинг сўзларига кўра, у касалликка чалингандан сўнг жуда ҳам ҳолсизланиб, кома ҳолатига тушиб қолади. У ҳеч қандай ҳаракатни амалга ошира олмаса ҳам ён атрофдаги барчанинг гап сўзларини эшитиб ётарди.

У ҳатто докторларнинг ўзига ўлим ташxисини қўйганини ҳам, дўстлари ва яқинларининг видолашув сўзларини эшитиб ётарди. Ҳатто қабрга қўяётганларида ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Ниҳоят, қабрга қўйилгачгина, тақдирга тан бериб ҳақиқий ўлимини кутиб ётаверади.

Аммо орадан тўрт кун ўтгач, тунда қандайдир одамлар уни қабридан ковлаб олганларида беҳуш эди. Шифокор пичоқ билан унинг томирларини кесаётганда “мурда”нинг вена қон томирида қотиб қолган қонни билмасдан юргизиб юборади ва шунда марҳум ҳушига келиб, кутилмаганда “тирилиб” кетади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.