Қачонгача мош, ловия экамиз? Бамия эксак-чи?

Соҳа ривожидаги камчиликлардан яна бири илм ва амалиётдаги ўзаро боғлиқликнинг йўқлиги ҳисобланади.
Хўш, камчиликни бартараф этиш учун нима қилиш керак?
- Авваламбор, биринчи ҳосилдан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экилишдан олдин сув таъминоти инобатга олиниши лозим, - дейди профессор Н.Халилов. - Иккинчи ўринда ҳосилдан бўшаган майдонларга ишлов бериш учун зарур техникалар бўлиши керак. Учинчи ўринда тезпишар экинларнинг навлари, дурагайларининг сифатли уруғлари талаб қилинади. Шунингдек, такрорий экин экадиган хўжаликлар қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик, ўсимликшунослик соҳасида маълум ҳажмдаги билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим.
Дунёда илм-фан, технологиялар, техника тараққиёти шиддат билан ривожланмоқда. Инновацион ғоялар, технологиялар, ахборот коммуникация, нанотехнологиялар, биотехнология, ген муҳандислиги жадал ривожланиб, деҳқончилик, ўсимликшунослик, уруғчилик, селекция, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишлардаги соҳаларга кириб бормоқда. Маҳсулот етиштиришда рақамли қишлоқ хўжалигига ўтиш ва бунинг учун соҳа мутахассислари, фермерлар, деҳқонлар, чорвадорларни янги ахборот коммуникация технологияси ютуқларини амалиётга қўллай олиш талаб қилинмоқда. Бунинг учун махсус дастурлар тайёрлаш, мутахассисларни ишлаб чиқариш талабларига мос ҳолда ўқитиш, фан ва амалиётни бир-бирига уйғунлашган ҳолда ривожлантириш лозим. Фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этишда трансфер ташкилотлар хизматидан кенг фойдаланиш, илм-фан соҳасига ялпи ички маҳсулотнинг 2-3 фоизи ажратилиши муҳим.
Биргина картошкачилик соҳасида ёш олимлар ва изланувчиларимиз бир неча янги ва истиқболли, серҳосил навларни яратишди, бироқ уларнинг аксарияти ишлаб чиқаришга жорий этилмасдан қолди.
“Иккинчи нон” етиштириш ҳажми ортади
Вилоятимизда такрорий экин учун ажратилган майдоннинг 9 минг 920 гектарига иккинчи нон - картошка экилиши белгиланган. Шунча майдондан ўрта ҳисобда 200 центнердан ҳосил олинганда ҳам вилоятимизнинг бир йиллик картошкага бўлган 170 минг тонналик эҳтиёжидан ортиб экспортга маҳсулот чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун вилоятимиздаги картошка экилиши режалаштирилган 11 та туманга супер элита, элита ва Р-1 навларини экиш мўлжалланган. Картошка экиладиган майдонларга талаб этиладиган 34,4 минг тонна уруғликнинг етишмайдиган 12 минг 470 тоннасини етказиш борасида вилоятимиздаги 22 та таъминотчи корхона ва 14 та тижорат банки ўртасида 93,5 миллиард сўмлик 2789 та шартнома имзоланди.
Маржумак нима, бамия қандай экин?
Жорий йилда вилоятимизда маржумак ва бамия каби экинлар такрорий экин сифатида экилмоқда.
- Маржумак (гречиха)нинг ижобий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда Пайариқ тумани “Сирли ихтиро” фермер хўжалигида 5 гектар майдонга, Оқдарё туманида “Сардорбек ҳосили” фермер хўжалигида 5 гектар майдонга экиш режалаштирилмоқда, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Аслиддин Маматмусаев. - Маржумак ёрмаси тўйимли ва тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. Унинг оқсилида аминокислоталардан лизин, аргинин кўп бўлади. Шунингдек, дони таркибида фойдали маъданли бирикмалар, темир, фосфор, кальций, олма, отқулоқ кислоталари ва бир қанча витаминлар бор. Дони таркибида оқсил, крахмал, ёғ, клетчатка, қанд сақланади. Асосийси, харидоргир ва экспортбоп маҳсулот.
Бамия (окра) экинини бугунги кунда Жомбой ва Каттақўрғон туманларида 100 гектар майдонга, такрорий экин сифатида экиш режалаштирилмоқда. Бу экин шифобахш неъмат бўлиб, фармацевтикада қандли диабет, ангина, астма, атеросклероз, саратон ҳамда ошқозон-ичак хасталикларини даволашда қўлланилади. Қолаверса, организмда қанд, қон миқдорини меъёрлаштиради. Шу боис, мазкур ўсимлик меваси нафақат тўйимли озуқа, балки дори воситаси ишлаб чиқаришда муҳим хомашё сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.