Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринг, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманг"

Бугун ахборот алмашинуви шиддат билан ривожланаётган бир пайтда ахборот тарқатувчининг ўз вазифасига холисона ва ҳаққоний ёндашув мезонларига риоя этиши ҳам зарур.

Динимиз таълимотларида нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимсанинг ахбороти текширилмай туриб қабул қилинмайди. Бошқа ишончли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина у ишончли саналади.

Аллоҳ таоло мўминларни бирор киши ҳақида ёлғондан ҳукм чиқариб қўймасликлари учун “Ҳужурот” сурасида қуйидагича марҳамат қилган:

 “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Бир хабарни эшитиши билан суриштирмай бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, афсус-надоматга сабаб бўлади.

Кеча, 10 сентябрь куни айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилди, деган мазмундаги асоссиз ва сохта хабарлар тарқатилди. Бу билан юртимиз мусулмонларининг раҳбари, дин соҳасидаги замонамизнинг етук олимларидан бири, бир қанча диний-маърифий асарларнинг муаллифини обрўсизлантиришга бўлган ҳаракат деб биламиз.

Олимга нисбатан ҳурматсизлик, душманлик қилиш Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” (Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир” (Фатҳул Борий, 11-жилд, 342-бет).

Олимларга нисбатан меҳрли бўлишимиз, уларнинг ҳақларига Аллоҳдан офият сўрашимиз, хато қилган бўлсалар, Аллоҳдан улар учун мағфират сўрашимиз лозим бўлади.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили.