Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қонунчилик палатасига Оқдарёдан сайланган депутат: “Президент топшириғи ижроси кечикмоқда, бунга жим қараб турмаймиз”

Шу кунларда парламент қуйи палатасига сайланган депутатлар жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Хўп, улар муайян масалаларни ҳам ҳал этмоқдами? Ёки сайловчилар билан мулоқотлар тадбирбозликка айланиб кетяптими?

Шу каби саволлар билан вилоятимиздан Олий Мажлис Қонунчилик паталасига сайланган депутатларнинг бир нечтасига мурожаат қилдик.

- Сайловчилар билан охирги марта 1-2 февраль кунлари жойига чиқиб учрашдим, - дейди 58-Оқдарё округидан парламент қуйи палатасига сайланган депутат Эркин Салихов. - Учрашувда ҳокимият ва мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Тўғриси, сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар кўп, айримлари масалан, тадбиркорлик учун кредитлар ажратиш ва шунга ўхшаш маҳаллий даражадаги муаммолар ҳокимият томонидан ҳал этиладиган бўлди.

Яшириб нима қилдим, аксарият муаммолар аҳолини табиий газ, электр энергияси билан таъминлаш, маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, боғча ва мактаб учун қўшимча бино қуриш билан боғлиқ масалалар. Бу каби баъзи масалалар тегишли республика ташкилотлари аралашувини тақозо этади. Шу боис, учрашувларда кўтарилган масалаларни умумлаштириб, хат ва сўровлар тайёрлаяпман.

Мулоқот жараёнида депутат айрим муаммоли масалаларни ҳал қилиш вақт ва маблағ билан боғлиқ бўлаётганини ҳам қайд этди. Бунда депутат сифатида қатъият кўрсатаётганига аниқ мисоллар келтирди.

Маълум бўлишича, Оқдарё туманининг Истиқлол маҳалласи ҳудудидаги Оқсилот, Сарка, Қоратери ва Хайрбуви қишлоқлари аҳолиси Қорадарё устидан пиёдаларга мўлжалланган кўприк қурилишида амалий ёрдам сўраган.

Депутат ўрганиб кўриб, бу масала давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ҳам кўтарилганини аниқлаган. Мазкур санада Президент бошчилигида ўтказилган йиғилиш баёнида тегишли вазирликларга масалани 2019 йил давлат дастурига киритиб, амалга оширишни таъминлаш топшириғи берилган.

Депутат ушбу баённи асос қилиб, Автомобиль йўллари қўмитаси ва Молия вазирлигига сўров юборган. Таассуфки, қўмита ҳам 2018 йилда давлат раҳбари берган топшириққа юзаки ёндашган. Яъни, Автомобиль йўллари қўмитаси бу борада тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгани ва унинг қиймати 5 миллиард сўмдан кўпроқ эканлигини билдирган.

Жавоб хатларида қўмита ҳам, Молия вазирлиги ҳам бу масала 2021 йилда Самарқанд вилоятининг маҳаллий бюджети ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилишини билдирган. Автомобиль йўллари қўмитасининг қўшимча қилишича, белгиланган ишлар молиялаштириш ишлари амалга оширилгандан сўнг пудратчи корхоналар томонидан босқичма-босқич бажарилади.

- Сайловчилар биздан кимга нима ёзганимизни эмас, аниқ натижа кутади, - дейди Э.Салихов. – Қолаверса, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада жорий йил республика бўйича 5 мингдан ортиқ кўприклар таъмирланиши, бунинг учун 400 миллиард сўм ажратилишини таъкидлаб ўтганди. Шу боис, 22 январ куни Автомобиль йўллари қўмитасига яна хат чиқардим. Унда округдаги бир нечта таъмирталаб кўприкларни дастурга киритишни сўрадим.

Ёқубжон Марқаев.