Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қора тугунча. “Ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин”

Эгам муаллим неварасининг синфдоши Сардорни кузата туриб, боланинг аҳволига ачиниб, раҳми келиб, ич-ичидан оғринди. Яқиндагина отаси жарроҳлик амалиёти чоғи бехосдан нобуд бўлди. Бола гўёки қаровсиз қолдирилган ниҳолдек сўлғинлашиб, кўримсиз бўлиб қолган, устидаги кийим-боши, мактаб либосларигача эскириб кетган.

Эгам муаллим оғир ўйга чўмди. У нафақа пулидан хорижда ишлаётган ўғлининг фарзанди Азаматга яп-янги мактаб формасини сотиб олиб берган, шундан сўнг хиёл ўтмай ўғли ҳам йигитчага яна бир мактаб формасини совға қилиб юборганди.

Муаллим ўзича келини билан маслаҳатлашиб, ана шу либосни раҳматли қўшнисининг ўғлига ҳадя этиш орзусига берилди.

"Бунга келиним кўнармикан. Одатда, аёл зоти кийим-кечакка ўч, зиқнароқ бўлади. Агар йўқ деб рад жавобини қилса, асабийлашиб оғриб қолишим тайин".

Йўқ, барибир муаллимнинг раҳмдиллиги устун келиб, келинига оҳиста гап солди.

Келини нимагадир индамади, қовоғи солиниб, жим бўлиб қолди-да, бехосдан шарт ичкарига кириб кетиб, чиройли елим халтага солинган мактаб либосини олиб чиқиб, қайнотасининг ёнига қўйди.

- Ўзинг элтиб берсанг бўлардику-я, келин, ҳар ҳолда аёл тилини аёл яхшироқ билади.

- Мен гаплаша олмайман, у билан, ота.

- Нима?! Уришиб қолганмисизлар?

- Ҳа, бетгинаси қурсин унинг.

"Аёлларнинг феъл-атворига ҳеч тушуниб бўлмайди", дея ўйлади кекса муаллим. Бир қарасанг апоқ-чапоқ, бир қарасанг... Бу тўрт кунлик дунёда одамзоддан қоладигани эзгулигу яхши ном эмасми? Э, Худо.

Чол мактаб либосини қўлтиқлаб қўшнисиникига ўтди.

Мотамсаро кайфиятдаги, устига кўк кийган аёл маъюсгина кутиб олди қарияни.

Чорпояга ўтиришди, муаллим фотиҳа ўқиди.

- Ма, келин, манови ўғлим хориждан юборган мактаб либосини чин дилдан олиб келдим ўғлингга. Эринг қадрдоним эди, ўғлинг эса ҳам ўқувчим, ҳам неварам!

- Буни олиб келганингизни келинингиз билармиди, ота?

- Ҳа, албатта.

... Аёл ичкари уйга кириб кетиб бир қора тугунча олиб чиқди-да муаллимнинг ёнига келтириб қўйди.

- Бу нима, келин?

- Буям мактаб формаси, сиз неварангизга бунинг яп-янгисидан олиб берганингиздан сўнг келинингиз шу эскисини ўғлимга олиб келиб берганди.

- Э, ўғлинг нега киймади, унда буни?

- О-о. Ота, отажон-а. Келинингиз шу либосни уйимизга келтириб берган куниёқ бутун маҳаллага айтиб чиқибди. "Биз анови эри ўлган қўшнининг ўғлига мактаб либоси хайрия қилдик", деб. Ахир бу… Бу жуда оғир ботди бизга, ота. Шу тугунчани олиб кетинг. Янги олиб келганингизни ҳам олиб қололмайман, ҳамма ҳам сиздек эмас, ота.

Чол эшикка чиқди-ю, гурс этиб йиқилди. Қўлидаги қора тугунча ва  хорижий мактаб формаси четга учиб кетди.

Муродим УМРЗОҚОВ.