Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда навбатдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилди

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг шифокор-мутахассислари томонидан Қўшработ тумани марказидан анча олисда жойлашган Жўш маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқларда яшовчи 25 мингдан зиёд аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Бугунга қадар кўрикдан ўтган Қўрғон, Тепалик, Чиноқ ва Қўштамғали қишлоқларида яшовчи 3400 га яқин фуқароларнинг 760 нафарида турли касалликлар аниқланиб, уларга тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Тиббий кўрик натижасида хирургик касалликлар аниқланган 10 нафар болаларда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази етакчи мутахассислари томонидан Қўшработ туман марказий шифохонасида жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажарилди.

- Қўштамғалидаги тиббий кўриклар натижасида 760 дан зиёд фуқарода турли касалликлар аниқланди, - дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Жаъфар Қурбонов.- Улар орасидан 10 нафар оғир аҳволдаги ёш болаларда жарроҳлик амалиётларини ўтказдик. Ҳозирда беморларнинг саломатлиги яхши, тез кунларда ўз оиласи бағрига қайтади.     

Айни пайтда шифокорлар томонидан ҳудуддаги Янгиқишлоқ, Оқмачит, Тоз, Урганжи ва Жўш қишлоқларида тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.