Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработнинг “Қовунчи”сидан ажаб ҳангомалар

Одамлар ташвишланиб мурожаат қиляпти, идоралар жавоб хати ёзяпти. Аммо амалий ишдан дарак йўқ, масъуллар мурожаатчиларни овутиш билан шуғулланишяпти, холос.

Масалан, ўтган йили қишлоқ йўлини таъмирлаш бўйича тегишли масъулларга мурожаат қилдим. Жавобларни ўқиб, на кулишингни биласан, на куйишингни...

“Сизга шуни ёзиб маълум қиламизки, Қовунчи қишлоғига кириш автомобиль йўлини жорий йил якунига қадар асфальт қопламаси қилиш режалаштирилганини ....”, дейилган Қўшработ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи А.Туронов имзоси билан келган хатда.

Вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Қ.Ҳасанов имзоси билан келган хатда эса “Қовунчи қишлоғига кириш йўлида жорий таъмирлаш ишлари 2020 йилда ажратиладиган маблағлар доирасида 2020 йил йиллик манзилли рўйхат шакллантирилишида инобатга олиниши ҳамда босқичма-босқич жорий таъмирлаш ишлари бажарилишини маълум қиламиз”, дейилган.

2019 йилнинг бир хил санаси билан келган жавоб хатларининг қайси бирига ишониш керак? Биринчиси ёлғон эканлиги аниқ бўлди. Аммо бошқарма бошлиғи айтган вақт қачон келаркан? Мени ажаблантиргани икки ташкилот бир-бири билан ҳамкорликда ишлайдими ёки бошқа-бошқа йўналишда фаолият олиб боришадими? Саволлар кўп, аммо тайинли жавоб йўқ.

Қишлоқдаги врачлик пунктини таъмирлашни сўраб қилган мурожаатларимиз тақдири эса унданда қизиқ.

... Қовунчи маҳалласи, Ҳайтанбулоқ қишлоғида яшовчи И.Аркаевга, деб бошланади, собиқ соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситхоновадан 2018 йил 19 октябрда келган хат.

“Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги ҚОП ва ҚВПларда қурилиш-таъмирлаш ишлари, туманнинг 2018-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясига асосан 2020 йилда “Қовунчи” ҚВП маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан лойиҳа асосида янгидан қуриш режалаштирилганлиги тўғрисида Сизга маълум қилинган.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимларининг иш ҳақини оширилиши ва бошқа имтиёзларни жорий этилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига қарор лойиҳаси киритилган”.

Ҳайронман, Президент Администрациясида қарор лойиҳаси йўқолиб қолганмикан? Йўқса, ўтган давр мобайнида қарор лойиҳаси обдан пишитилиб, эълон қилиниши керакмасмиди?

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг жавоб хати собиқ соғлиқни сақлаш вазирининг жавоб хати ва келтирилган маълумотлар икки пулга қимматлигини билдиради.

Хусусан, “Қовунчи” ҚВПни қайта қуриш бўйича мурожаатингизга асосан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастури асосида Республика бюджети маблағларидан амалга оширилишини инобатга олиб, келгуси 2021 йил давлат дастурига киритиши кўзда тутилишини маълум қиламиз”, дейилади тиббиёт бирлашмаси бошлиғи У.Сувонов имзолаган хатда.

Аслида ҚВП 1997 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Мутасаддиларга ёзган мурожаатларимиз гувоҳи бўлганингиздек, ёш болани овутишга ўхшаб, келгуси йил дастурига киритилиш ҳақидаги жавоблар билан “ёпилмоқда”. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ҳам ҳокимга айтишимни билдирди.

Уйимни таъмирлаб беришларини сўрамаябман-ку, отанга бор, онангга бор, қилишса.

Иноят АРКАЕВ,

“Қовунчи” ҚВП мудири, II даражали “Соғлом авлод учун”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби.