Қозоғистонда автобус ҳалокатга учради. Жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

«Алмати—Тошкент» трассасининг 181-километрида 20 апрель куни маҳаллий вақт билан тонг соат 5:09 да Van Hool автобуси (давлат рақами KZ 213 ZSA) ва Toyota Camry енгил автомашинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. ТАСС'нинг хабар беришича, Toyota автомобили юк машинаси билан тўқнашган, автобус уларга урилмаслик учун йўлни четга олган ва ағдарилиб кетган.

Ҳалокат туфайли 11 киши ҳалок бўлган, 29 киши турли даражада тан жароҳати олган. Ўзбекистоннинг Алматидаги Бош консуллигидан маълум қилишларича, ҳозирги вақтда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида ахборот мавжуд эмас. Етти нафар Ўзбекистон фуқароси эса тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Хусусан, Ўтрордаги касалхонага ётқизилганлар:

1. Марҳамат Жуманиёзова, 1996 йилда туғилган, Хива шаҳридан;
2. Роҳила Аҳметова, 1994 йилда туғилган;
3. Шодлик Мақсудович Жабборов, Хива шаҳридан;
4. Отабек Абдуллаевич Матжонов, 1985 йилда туғилган, Қорақалпоғистондан;
5. Сардор Анорбой ўғли Ҳайдаров, 1994 йилда туғилган.

Қордайдаги касалхонага ётқизилганлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси бор:

  1. Исломиддинов Абухаттар ўғли, 1997 йилда туғилган;
  2. Зоводбек Муҳаммаджонов, 1999 йилда туғилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, Алматидаги Бош консуллик Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Фавқулодда вазиятлар бўйича департаменти билан доимий алоқада бўлиб турибди. Ҳодиса жойига Бош консуллик ходими йўл олган.