Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Раҳбар билан бир кун

Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторов билан суҳбатлаш ниятида телефон қилдим. Ўнг келтирганини қаранг-ки, ўша раҳбарнинг ўзи мен яшайдиган ҳудудда амалга оширилаётган таъмирлаш ишларини кўздан кечиргани келаётган экан. “Вақтингиз бўлса, бир кун мен билан бирга юринг, савол ҳам берманг, бирон нарса ҳам деманг”, деди у киши.

Бир кун бирга юрдим, савол ҳам бермадим, гапирмадим ҳам, аммо ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим.

Самарқанд шаҳрини кўркамлаштириш, обод қилиш учун Президентимиз 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни ажратган. Шаҳардаги барча кўп қаватли бинолар, кўчалар, бекатлар, йўл ёқасидаги бинолар таъмирланмоқда. Собиқ иттифоқ даврида бир хил бўялиб, аллақандай кулранг тусда бўлиб қолган уйлар ҳаммаси ҳар хил рангларда бўялиб, кўрган кўзни қувонтирадиган кўринишга келтирилмоқда. Электр симлари ва симёғочлари, иссиқ ва совуқ сув қувурлари янгисига алмаштирилмоқда. Хуллас, Самарқандда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шаҳарнинг Сўғдиёна масканидаги барча уй-жой ширкатлари ва маскандаги таъмирлаш ишларини олиб бораётган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари, пудратчилар тўпланишган экан. Йиғилиш қисқа, аниқ лўнда бўлди. Гапнинг бўладиганини гапирди:

– Қурувчилар, танловда ҳар бирингиз муайян уйларни чиройли таъмирлаб бериш имкониятини қўлга киритгансиз, сизга керакли маблағ, техника ажратилган, вилоят ҳокими томонидан 20 февралгача барча таъмирлаш ишларини тугатишингиз белгилаб берилган. Мен об-ҳаво совугани, ёғингарчилик бўлаётгани, бу шароитда биноларнинг фасад қисмида таъмирлаш, бўяш ишларини олиб бориб бўлмаслигини ҳисобга олиб, ўз ваколатимдан фойдаланиб, сизларга яна 10 кун қўшиб бераман. Аммо, марҳамат қилиб, 1 мартга қадар ҳамма ишни тугатиб, ҳар бирингиз олган уйларингизни давлат қабули асосида топширинг. Битта нарсани айтиб қўяй, давлат қабулидан олдин жамоат қабули бўлади. Ширкатлар, маҳаллалар, шу уйда яшовчилар иштирок этадиган нуфузли жамоатчилик комиссиясини тузамиз. Улар ҳар бир уйни, унинг йўлакларини, барча қаватлардаги зиналар-у, тутқичларини, ертўлаларидан томларигача кўриб чиқадилар. “Мана шу уй кўнгилдагидек таъмирдан чиқарилибди”, дейишганидан кейингина давлат қабулига тақдим қиламиз. Чунки бу уйларда давлат комиссияси аъзолари эмас, ўша ернинг аҳолиси яшайди. Аввало, шу уйларда яшовчилар сизларнинг ишларингиздан рози бўлишлари керак.

Шундан сўнг Рустам ака қурувчилар бажараётган ишларнинг сифатини текшириш учун ўзи юборган бошқарма ҳуқуқшуносидан ахборот беришини сўради. Ҳуқуқшунос қурувчиларнинг ишини ҳам, аҳолининг фикрларини ҳам ўрганганини айтиб, айрим пудратчиларнинг ишидаги жиддий камчиликларни санади. Хусусан,бир неча пудратчи ёмғир қувурларини ўрнатишда жуда юпқа тунукадан фойдаланганини айтди. Айрим уйларда таъмирлаш ишлари шошма-шошарлик билан қилингани, дид билан қилинмаганини айтди. Рустам ака ҳар бир пудратчидан бунинг сабабини сўраб, ҳуқуқшунос таъкидлаган ишларни бошқатдан қилишини тайинлади.

Кўп қаватли уйларда яшаётганлар билан суҳбатлашдик. Айримлари таъмирлаш ишларида бўлаётган камчиликларни айтишса, айримлари уйлари жуда чиройли бўлиб қолганидан хурсандликларини айтишди. Аҳолининг эътироф этишича, йўлаклар (подъезд) ва зиналарни бўяшда жуда сифатсиз бўёқлар ишлатилмоқдаки, улар бир-икки ювганда “ювилиб кетяпти”. Кўп зиналар четидаги тутқичлар яхши таъмирланмаган, айримларининг ораси етарлича тўсилмаганидан ўйинқароқ ёш болалар тушиб кетиш хавфи бор. Бу камчиликларнинг ҳар бири хусусида Рустам Сатторов ёрдамчиларига кўрсатмалар бериб, уларни бартараф қилишнинг аниқ муддатини белгилаб берди.

Худди ана шундай қисқа йиғилиш ва таъмирланаётган уйларни кўздан кечириш самарқандликлар Микрорайон деб атайдиган мавзеда ҳам бўлиб ўтди.

Ана шу ерда Рустам Сатторов бир неча уйларни атайлаб кўрсатиб, ўзига “бош оғриқ” бўлаётган муаммони баён қилди:

– Балкон муаммоси ростдан ҳам жиддий муаммо. Хабарингиз бор, Тошкентда балконлар билан боғлиқ бир эмас, икки мудҳиш воқеа содир бўлди. Бу нарса Самарқандда бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Мана, кўряпсиз, одамлар очиқ туриши керак бўлган балконни қўшимча хона қилиб олишган, кўпчилик ошхонани балконга чиқариб, ошхонани қўшимча хона қилиб олган. Кўпчилик ғишт териб, балконларни ёпиб олишган. Аммо бу балконлар бунақа оғирликни кўтармайди, улар монолит ҳам эмас. Мана бу уйнинг балконига қаранг, у бир томонга оғишни бошлаган. Бетон ҳам, металл ҳам замонлар ўтиб, мустаҳкамлиги емирилади, туриб-туриб, бир куни бирданига ташлаб юбориши мумкин. Ана шунда барча қаватларнинг балконлари ўпирилиб тушади. Бу эса фожиали якун топиши мумкин.

Ҳақиқатдан ҳам ана шундай “айвонча”ли (балконли) уйларни кузатганимизда бу уйларни таъмирланган деса ҳам бўлади, таъмирланмаган деса ҳам бўлади. Сабаби ҳар кимнинг “айвонча”си ҳар хил ёпилган, ҳар ким ақли ва имкони етганича ёпиб, бўяган. Ҳаммасига ҳар хил деразалар ясалган. Бу “олачипорлик” бир сўз билан айтганда кўп қаватли уйнинг ҳуснини бузиб турибди. Қурувчилар ҳам уйнинг ҳамма ерини чиройли қилиб, ўша “айвонча”ларга тегишмаган. Натижада “айвонча”лар ҳуснбузарга ўхшаб қолган.

– Бу балконларнинг ҳаммасини асли лойиҳадаги кўринишга келтириш, ўзбошимчалик билан ясаб олинганларини, шунингдек, қўшимча қурилиш иншоотларини бузиш ҳақида вилоят ва шаҳар ҳокими махсус қарор чиқарган, бу ишни барибир қиламиз, керак бўлса, ички ишлар ходимларини жалб қиламиз, аммо бу балконлар ишимизни хунук кўрсатишига йўл қўймаймиз. Албатта, биз уйларнинг балконлари бўлишига бутунлай қарши эмасмиз, аммо қоидаси билан бўлишини талаб қиламиз. Юринг, мен сизга балконлар қоидаси билан сақланса, қандай гўзал кўринишини кўрсатаман.

Шундан кейин Кимёгарлар қўрғонига бордик.

– Бу ерда яшаётган аҳоли тўғри тушунди ва балконларини бузиб, қоидасидагидек таъмирлаб, бўяб берганимиздан кейин ўзлари ҳам хурсанд бўлишди. Кимёгарлар қўрғонида катта ишларни амалга оширяпмиз. Ҳозир бу ерда улкан канализация қувурларини ётқизяпмиз. Яқин келажакда қўрғоннинг канализация тизими энг идеал ҳолатга келтирилади. Бундан ташқари иссиқ сув ва совуқ сув 24 соат давомида бериладиган бўлади. Қўрғоннинг инфратузилмасини яхшилаш, ободончилик ишларини амалга оширишнинг қатъий режаси тузилган. Бу йил қўрғонни шаҳар билан боғлайдиган Нарпай кўчасида улкан “бузиш-қуриш” ишлари амалга оширилади. Йўл жуда кенгайтирилиб, ўртасидан трамвай йўли тушади, йўлнинг икки четида кўп қаватли турар-жой бинолари, замонавий дўконлар, хизмат кўрсатиш иншоотлари, меҳмонхоналар қурилади. Икки-уч йилдан сўнг бу орада қўрғонга келмаган одам ўз тасаввуридаги қўрғонни тополмайди.

Кеч бўлди. Қош қорайди. Аммо Рустам Тешаевичнинг иши камаймас эди. Ёрдамчиси қабулхонада бир қанча кишилар кутиб туришганини айтди.

Рустам аканинг қабулига кирганлардан айримларининг суҳбатига гувоҳ бўлдим.

Бир қанча туманлардаги уй-жой коммунал хизмат бўлими раҳбарлари, мутасадди ходимлар, қурувчилар келишган экан, Рустам ака ҳар бирининг гапларини диққат билан тинглаб, керакли маслаҳат ва топшириқларни берди. Айримларининг муаммоларини керакли раҳбарларга қўнғироқ қилиб, жойида ҳал қилди.

Рустам Сатторовнинг ҳали бери иши тугамаслигини кўриб, у кишидан узр сўрадим:

– Менга рухсат берсангиз, уйимга бориб, таасуротларим эскирмасдан туриб, бир нималар ёзсам.

– Майли, яхши боринг, шеригим сизни кузатиб қўяди, – деди ҳайдовчисини ҳайдовчим эмас, шеригим дейдиган Рустам Сатторов. – Аммо бизни мақтаб ёзманг. Ёзсангиз, халқимизни мана шу улуғ ишларда камарбаста бўлишга, шаҳримизни обод қилишда ўз ҳиссаларини қўшишларига даъват қилиб ёзинг. Мана, ёздим.

Каримберди Тўрамурод.