Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Республика фан олимпиадаларига оид Президент қарори қабул қилинди: кимлар тест синовисиз ОТМга қабул қилинади?

Шавкат Мирзиёев «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Унга кўра:

- Халқ таълими вазирлигида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилади;

- эндиликда фақат халқаро олимпиадалар ғолиблари ОТМларга тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади. Айнан бундай имтиёз берадиган халқаро олимпиадалар рўйхати тасдиқланди;

- республика миқёсида ўтказиладиган асосий фан олимпиадалари ғолибларини имтиҳонсиз ОТМга қабул қилиш тизими бекор қилинади. Эндиликда асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича ОТМларга кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади;

- халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

 

1-ўрин (олтин медаль) учун – 500, ўқитувчисига –450 баравари;

2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300, ўқитувчисига –250 баравари;

3-ўрин (бронза медаль) учун – 200, ўқитувчисига –150 баравари;

- асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари ЭКИҲнинг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

 

1-ўрин учун – 50 баравари;

2-ўрин учун – 35 баравари;

3-ўрин учун – 30 баравари;

 

- халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўланади;

- таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:

халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;

асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади;

- олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади;

- 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 4-11 синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун ҳар чоракда онлайн тарзда олимпиадалар ташкил қилиш орқали иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантирилади;

- ўқувчи ёшларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан, суткалик, яшаш ва транспорт харажатлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

- олимпиадаларнинг вилоят ва республика босқичи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилиб, Халқ таълими вазирлиги веб-сайти орқали онлайн тарзда тўғридан-тўғри намойиш этилади;

- олимпиадалар очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилиши, натижалари улар ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади;

- барча босқичдаги олимпиада натижалари, шу жумладан, иштирокчилар тўғрисида маълумот, уларнинг ёзма ишлари тўлиқ ахборот тизимига киритилади ва ХТВ веб-сайтида эълон қилинади.

Ажойиб, жуда ажойиб! Изоҳга ҳожат йўқ, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.