Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида туристик марказ қурилиши бошланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида  Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида қурилиши режалаштирилган туристик марказ лойиҳаси билан танишиб, бу ерда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, вилоят аҳолиси учун қулай шарт-шароитга эга дам олиш маскани яратиш бўйича топшириқлар берган эди.

360 гектар майдонни эгаллаган мазкур ҳудудда бугун қурилиш ишлари бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, бир қатор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, қурилишга мутасадди компаниялар вакиллари иштирок этди.

Лойиҳа қурилишига масъул Тимур Цойнинг маълум қилишича, туристик марказ икки ҳудуддан иборат бўлиб, эшкак эшиш каналининг шимолий ҳудудида замонавий анжуманлар саройи, иккита беш юлдузли, иккита тўрт юлдузли меҳмонхона ва бошқа иншоотлар қурилади. Мазкур ҳудуд – марказнинг бизнес ҳудуди ҳисобланади.

Жанубий ҳудуд эса ички туризм учун мўлжалланиб, бу ерда ҳам олтита меҳмонхона, аквапарк, спорт иншоотлари, ресторан ва кафелар, миллий маҳсулотлар билан савдо қилувчи нуқталар бунёд этилади. Муҳими, мазкур ҳудудда дендра парк ташкил этилади ва бу ерда маҳаллий аҳолининг оилавий келиб ҳордиқ чиқариши учун имконият яратилади. Ҳудудда бир вақтнинг ўзида уч минг киши дам олиши мумкин бўлади.

Сайёҳлик маркази ҳудудидаги йўллар асосан электромобиллар қатновига мўлжалланади. Шунингдек, велойўлак, пиёда сайр қилиш учун йўлаклар ташкил этилади.

Янги марказ қурилиши давомида эшкак эшиш каналининг табиий шарт-шароити ва имкониятлари сақлаб қолинган ҳолда йирик халқаро мусобақалар ўтказиш учун янада қулай, замон талабларига мос қулайликлар яратилади.

Бугун бошланган қурилиш ишларини 2021 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган.