Самарқанддаги туристик марказ қурилиши лойиҳасини Туркия компанияси тузади, Сингапур компанияси бош пудратчи бўлади

Хабарингиз бор, халқ тилида “Гребной канал”, деб юритиладиган Самарқанд эшкак эшиш каналида туристик мажмуа ва аҳоли учун дам олиш масканлари барпо этилади.

Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Ўзмиллийбанкнинг “Ипак йўли” жамғармаси (Хитой) ҳамда “EREILL Group” компанияси билан биргаликда эшкак эшиш канали ҳудудида туристик марказ қурилиши ва ундан фойдаланиш бўйича берган таклифи маъқулланганди.

Ташриф доирасида шунингдек, “ARUP Group” компанияси (Туркия) - бош лойиҳа ташкилоти этиб, “Enter Engineering pte.ltd” компанияси (Сингапур) – бош пудрат ташкилоти этиб белгиланган.

Айтиш мумкинки, туристик марказ қуриш давомида эшкак эшиш каналига зиён етказилмайди. Аксинча, спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари республика болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли ушбу канал халқаро талабларга жавоб берадиган ҳолда реконструкция қилинади.

Самарқанд туристик мажмуасини ташкил этиш доирасида эшкак эшиш канали қарама-қаршисида жойлашган турар-жой ва нотурар-жой объектларни зарурат бўлганда кўчириш ҳисобидан аҳоли учун дам олиш масканларини ташкил этиш лойиҳаси таклифлари ишлаб чиқилмоқда.

Дам олиш масканида сузиш ҳавзалари, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда кўнгилочар объектларни ўз ичига олган 12 та кичик туристик мажмуалар барпо этилади.