Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида 2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланди

Янги йилнинг дастлабки кунларида кучли ёққан ёмғир Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасининг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган қисмидаги йўлнинг чўкишига сабаб бўлгани ҳақида хабар бергандик (Zarnews.uz телеграм канали, 3 январь). Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинди.

Кузатилган воқеалар бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан давлат молиявий назорат бошқармаси, қурилиш назорати инспекцияси ҳамда йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш ва ичимлик сувини назорат қилиш инспекциялари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.

Маълумотларга кўра, ушбу объектда қурилиш-монтаж ишлари “Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси буюртмаси асосида “Бағдод Карвон” МЧЖ томонидан олиб борилган.

1,18 километр узунликдаги оқава сув қувурлари қурилиши учун буюртмачи бош пудратчига 6,2 миллиард сўм маблағ ўтказган. Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган назорат ўлчовининг дастлабки маълумотига кўра, ушбу объектда 2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари сифатсиз ва
593 миллион сўмлик ишлар тўлиқ бажарилмагани аниқланган.

Қурилиш назорати инспекцияси ва бошқа ишчи гуруҳ аъзолари томонидан текшириш якунланиб, тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда прокуратура органларига топширилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Айни пайтда ўрганиш ишлари давом этяпти ва натижалар ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.