Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоят болалар кутубхонаси китобхонларга масофадан туриб хизмат кўрсатмоқда

Бугунги кунда вилоят болалар кутубхонаси фондида 130 минг 304 дона китоб бўлиб, 19 минг 800 номдаги адабиёт мавжуд. Шундан 100 минг 38 тасини қоғозли, 30 минг 266 тасини электрон адабиётлар ташкил қилади. Улардан 21 мингдан зиёд китобхонлар фойдаланмоқда.

Кутубхонамизда 35 нафар кутубхоначи ходим фаолият юритиб, улар ойда 70 та асар ўқийди ва умумтаълим мактабларидаги тарғибот тадбирларида ўқувчиларга бу асарлар ҳақида сўзлаб беради. Ҳар бир синфда 35 нафар ўқувчи бўлса, 2450 нафар ўқувчи бир ойда 70 та асарнинг ғояси билан танишади.

Пандемия даврида кутубхона ходимлари масофадан ишлаш тизимини йўлга қўйди. Улар масофадан ишлашни ташкил этиб, ижтимоий тармоқларда “Илмли киши хор бўлмас”, “Китоблар олами”, “Китоб - билим чироғи”, “Жажжи китобхонлар” каби каналлар ташкил этди ва бу орқали энг дурдона адабиётлар танланиб китобхонларга тавсия этилди. Уларга истаган адабиётлари ўз вақтида аудио ва электрон шаклда тақдим этилди.

Бугунга қадар online-кутубхонамизда 10 та канал ва гуруҳ ташкил этилган. Улардаги китобхонлар сони 57 минг 699 нафардан ортиқ, турли соҳалардаги 75 минг 224 та бадиий электрон адабиётлар, 27 минг 161 та аудио адабиётлар ҳамда  47 минг 227 та бошқа турдаги маълумотлар етказиб берилган.

Юсуф Муҳаммадиев,

кутубхона директори.