Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоятида 2081 та умумий овқатланиш объекти фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистондаги барча умумий овқатланиш корхоналари фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси жорий йилнинг 19 март куни мамлакат ҳудудидаги  барча умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Ушбу қарордан келиб чиқиб, Давлат солиқ қўмитасига Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан биргаликда вақтинчалик фаолияти тўхтатилаётган тадбиркорлик субъектларини чекловларга амал қилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси топширилди.

20-22 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга олиб борилган чора-тадбирлар натижасида республикада мавжуд 13 858 та умумий овқатланиш корхонаси (ёки филиали) тўлиқ қамраб олиниб, уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиши таъминланди.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги мавжуд 2644 та,  Самарқанд вилоятида 2081 та ва Бухоро вилоятида 1187 та  умумий овқатланиш объекти фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу республика бўйича энг йирик кўрсаткичлардир.

Бу борада энг паст кўрсаткич Сирдарё, Навоий ва Жиззах вилоятларига тўғри келди. Сирдарёда 387 та, Навоийда 465 та ҳамда Жиззахда 467 та умумий овқатланиш объекти фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. 

Айни пайтда тайёр овқатларни етказиб бериш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давом эттирмоқда. Умумий овқатланиш корхонаси сифатида рўйхатдан ўтган барча тадбиркорлик субъектлари ҳам мазкур хизматни тақдим этиши мумкин.

"Эслатиб ўтамиз, талабларнинг бажарилмаслиги қонуний чоралар  кўриш ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади", дея огоҳлантирган ДСҚ матбуот хизмати.