Умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларидаги талаблар соддалаштирилади
“Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “business.gov.uz” портали “Тадбиркор виртуал офиси” порталига айлантирилди.
Портал орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари кеча-ю кундуз қабул қилиниб, ҳал этилади ва ушбу жараёнлар назорат қилиб борилади.
2022 йил 1 августдан порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади:
- тадбиркорлар;
- Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги “Саll-марказ” хизмати;
- Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Вакил);
- ҳоким ёрдамчилари;
Мурожаатлар автоматик ёки Вакил томонидан ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади;
- ваколатли органлар мурожаатларни кўриб чиқиб, натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади;
- Вакил мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди.
Вакил ҳар йили 1 мартгача Президентга давлат органлари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишининг ҳолатига доир йиллик ҳисобот тақдим этади.
Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 1 сентябргача умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларидаги талабларни соддалаштириш ҳамда ушбу соҳалардаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси Ҳукуматга киритилади.