Самарқандда кўнгилочар масканлар, 1 848 та умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти тўхтатилган
Самарқанд вилоятидаги тунги дам олиш марказлари, массаж салонлари ва болалар ўйин заллари фаолияти 2020 йил 20 март кунидан бошлаб тўхтатилган.
Вилоят давлат солиқ бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 75 та тунги клуб фаолияти тўхтатилган. Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида 56 та, Оқдарё туманида 9 та, Булунғур туманида 8 та, Иштихон ва Нарпай туманларида биттадан тунги клуб рўйхатга олинган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 8 та, Самарқанд туманидаги 5 та, Каттақўрғон шаҳридаги 4 та, Нуробод, Паст Дарғом ва Булунғур туманларидаги 2 тадан, Оқдарё, Иштихон, Пахтачи ва Ургут туманларидаги 1 тадан фитнес клублар фаолиятини тўхтатиш тўғрисида огоҳлантирилган.
Бундан ташқари, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги, Булунғур ва Иштихон туманларидаги массаж салонлари (ҳар бир ҳудудда биттадан) фаолиятини тўхтатган.
Вилоятдаги жами 64 та болалар ўйин заллари ва 30 бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ишламаяпти.
Маълумотга қўра, вилоятдаги 1 848 та умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда уларга қарашли 2 099 та шохобчалар фаолияти ҳам тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу турдаги хизмат кўрсатиш шохобчалари карантин даври тугамасдан фаолият кўрсатган тақдирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддага кўра жавобгарликка тортилади.
Хусусан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.