Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда протез ортопедия маҳсулотлари учун қанча маблағ ажратилган?

- Ўтган йил сўнггида туман ва шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаси, тиббиёт бирлашмалари, ТМЭК ва маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари уйма-уй юриб, қанча протез-ортопедия маҳсулотларига эҳтиёж борлигини ўрганди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Илҳом Ваҳобов. – Унга кўра, 734 нафар фуқароларни ногиронлар аравачаси, 374 нафар фуқароларни эшитиш мосламаси, 363 нафар фуқароларни қўлтиқтаёқ билан таъминлаш зарурлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, фуқароларимизда 471 та ҳасса, 186 бошқа турдаги ҳаракат воситаларига эҳтиёж мавжуд.

Бунинг учун жорий йилда 960 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Яқинда 150 та ногиронлар аравачаси келтирилди. Шунингдек, 200 та ҳасса, 100 жуфт қўлтиқтаёқ, 70 та эшитиш мосламаси, 20 жуфт тирсакли қўлтиқтаёқ олиб келиб, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга тарқатилмоқда.

Ўрганишларга кўра, 493 нафар фуқароларга протез-ортопедия маҳсулотлари тайёрлаб бериш режалаштирилган.

Жорий йилнинг май-июнь ойларида ишга тушиши режалаштирилган протез-ортопедия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Зармитан" корхонаси фаолиятини бошлаши билан бу борада ҳам муаммо қолмайди.