Регистонда аравачада юрса бўладими?
Самарқанддаги жойлар, тарихий обидаларни зиёрат қилиш ногирон, ҳаракати чекланган инсонлар учун нечоғлик қулай? Шу ҳақда билиш учун Регистон майдонида бўлдик. Катта кўчадан кириб келишданоқ аравачалар ҳаракатланиши учун махсус йўлларни кўриш мумкин. Шу тариқа майдонга бемалол ногиронлик аравачасида келиш имконияти бор. Кейин-чи? Тўғриси, улуғвор минорлар ва уларнинг пойига назар ташлаб, аравачадаги инсонлар фақатгина майдоннинг ўзини томоша қилиш мумкин экан-да, деган хаёлга борасиз. Сабаби, бу ердан улар ўтиши мумкин бўлган, зинали жойлардан чиқиш учун пандусларга кўзингиз тушмайди.
Шу хаёллар билан минорларга қараб ўтиргандим, маълумот олиш мақсадида мен кутган киши - мажмуа раҳбари рўпарамда пайдо бўлди.
- Самарқанд бутун дунёга тарихий обидалари, қадимийлиги билан машҳур шаҳар дейдиган бўлсак, Регистон унинг юраги, асосий ташриф қоғозидир, - дейди Регистон ансамбли директори Хонқул Самаров. – Яқиндан бошлаб бу ерда ногирон инсонлар ҳам бемалол ҳаракатланиши учун тўлиқ шароит яратилди. Майдонга киришдан олдин нафақат имконияти чекланган кишилар, балки нуроний отахону онахонлар, чарчаб қолиш эҳтимоли бўлган кишилар учун аравачалар қўйилган. Шу тоифадаги инсонлар ундан бемалол фойдаланишлари мумкин. Кўпчилик сайёҳлар Регистон майдони марказида уни томоша қилиш, ундан завқланиш ва шу ерда суратга тушишни муҳим ҳисоблайди.
- Демак, бошқа мадрасаларга ногирон кишилар киролмас экан-да, - сўрайман суҳбатдошимдан.
- Йўқ, аравачада ҳар бир мадраса ва обидани айланиб чиқиш мумкин. Юринг, бу қандай амалга оширилганини ўзингиз кузатинг.
600 йиллиги нишонланган Улуғбек мадрасасининг ён томонидан унга кириш учун пандус йўли қурилган. Шунингдек, ичкарига кириш учун олиб қўйиладиган пандуслар мослаштириб ясалган.
- Тарихий обидаларга зарар етказмаслик, қўшимча ҳар қандай қурилишлар амалга оширилиши таъқиқлангани туфайли ушбу пандуслар йиғиладиган, кўчма тарзда ишланган, - дея тушунтириш беради Х. Самаров. - Ансамбль маблағлари ҳисобига амалга оширилган бундай қулайликлардан ҳаракатида чекланиш бор сайёҳлар келиб, миннатдор бўлишди. «Тўғриси, бундай имконият борлигини кутмагандик», дея фикр билдирганлар ҳам бўлди.
Муаззам майдондаги барча обидаларга уларнинг архитектурасига зарар етказмаган ҳолда кўчма пандуслар ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, майдон чеккасида имконияти чекланган инсонлар учун мўлжалланган санитария хоналар ҳам ташкил қилинган.
Гулруҳ МЎМИНОВА.
P.S. Самарқанд шаҳрида шу йилнинг 14 сентябрь куни Марказий Осиё XI халқаро «Тараққиёт тарихи» конференцияси доирасида «Самарқанднинг тарихий обидаларига йўл» номли волонтёрлик акцияси ва давра суҳбати ўтказилади.