Туман ҳокими 90 нафар катта ёшдаги фуқаролар ва 10 нафар ёш болаларга ногиронлик аравачалари топширди
Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда туман истироҳат боғида “Меҳр-мурувват улашайлик!” шиори остида тадбир ташкил этилди.
Шу куни байрамона безатилган истироҳат боғида туман ҳокимлиги вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, кексаю ёш жам бўлди. Тадбирга тумандаги ногиронлиги бўлган фуқаролар ва уларнинг яқинлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъмиланган оилалар вакиллари таклиф қилиниб, улар учун байрам дастурхони ёзилди.
Хайрия тадбирида сўзга чиққан туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов барчани кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклади. Халқимиз интиқ кутадиган бу шодиёна муносабати билан кўплаб хайрли ишларга қўл уриш, юрт ободлиги ва кўркамлигига ҳисса қўшиш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ҳар бир ватандошимизнинг бурчи эканлигини таъкидлади. Президентимиз томонидан халқимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бўйича қилинаётган ишларни эътироф этди.
Тадбирда туман ҳокими томонидан ногиронлиги бўлган 90 нафар катта ёшдаги фуқаро ҳамда ва 10 нафар ёш болага ногиронлик аравачалари ва байрам совғалари топширилди. Шунингдек, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 54 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва якка ёлғиз кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, бепул дори-дармон ва моддий ёрдам сифатида пул маблағлари берилди.
- 12 ёшли фарзандим учун анча вақтдан буён ногиронлик аравачасига муҳтож бўлиб, моддий аҳволимизнинг оғирлиги боис ололмасдан келаётгандик, - дейди Бўстон маҳалласида яшовчи Ирода Нарзуллаева. - Бунга туман ҳокимлиги алоҳида эътибор қаратиб, фарзандимга ногиронлик аравачаси совға қилишди. Наврўз биз учун қўшалоқ байрам бўладиган бўлди. Халқ дардини тинглаб, барча раҳбарларни халққа яқин қилган Президентимиздан, туманимиз раҳбарларидан чексиз миннатдорман.
Топширилган совғалар ўксик, эътибор ва ғамхўрликка муҳтож қалбларга қувонч улашди. Туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган клнцерт дастури барчага хурсандчилик бағишлади.
Ш.Қаршиев.