Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда қанча хонадон обод бўлди?

Вилоятдаги 1097 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 47 минг 703 та камбағал оила мавжуд.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш, пандемия оқибатларини юмшатиш ҳамда халқимизнинг кайфиятини кўтариш, оғир шароитда яшаётган оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш каби эзгу мақсадлар билан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида долзарб уч ойлик эълон қилди.

Ойлик доирасида биринчи навбатда юқорида қайд қилинган камбағал оилалар турмуш шароитларини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бугунги кунгача 9 минг 481 та камбағал оиланинг уй-жойлари тартибга келтирилди.

Мисол учун, 160 та эҳтиёжманд фуқаролар яшаш хонадонларининг том қисми таъмирланди, 1369 тасининг фасади рангланди. Бундан ташқари, 2643 та хонадоннинг ички хоналари, 1385 тасининг деворлари таъмирланди. Ўрганиш асосида 1885 та камбағал оиланинг тандирхона ва ўчоқхоналари, 1500 га яқин хонадонда ёрдамчи хўжалик бинолари тартибга келтирилди.

Ўрганишлар давомида вилоятда рўйхатга олинган 47 минг 703 та камбағал оиланинг 3512 таси ишсиз эканлиги аниқланди. Уларнинг 2369 таси иш билан таъминланди. 

Қайд қилиш лозимки, эҳтиёжманд ва камбағал оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳволини яхшилаш замирида аҳоли ўртасида меҳнатсеварлик, эртанги кунга умид туйғуларини шакллантириш асосий вазифа саналади.

Шу боис, иш билан таъминланган камбағал оила вакилларининг 614 нафари мавжуд бўш иш ўринларига, 1086 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинган. Шунингдек, 589 кишига ўзини ўзи банд қилиши, 35 та эҳтиёжманд оилага субсидия, тадбиркорликка иштиёқи бор, лекин имкони йўқ 25 оилага имтиёзли кредит олишида кўмаклашилди.

Умуман, ойлик доирасида ҳар бир оила ва маҳалла бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинган. Шу асосда вилоятдаги мавжуд 1498 та қабристоннинг 378 таси, 52 та зиёратгоҳнинг 34 таси ободонлаштирилди.

Вилоятда 128 та маҳалла фуқаролар йиғинлари темирйўл йўналиши атрофида ва уларда 2596 та хонадонлар жойлашган. Мазкур хонадонларнинг 317 таси таъмирталаб бўлиб, шу кунга қадар 116 тасида зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Темирйўл атрофидаги 45 та кўча ва 39 та объект ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди.

Самарқанд вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси.