Самарқандда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари сараланмоқда

Самарқандда Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловнинг вилоят босқичи бошланди. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни эгаллаган қизлар 7 йўналиш бўйича иштирок этмоқда.

Танловнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этиб, иштирокчиларни қутлади.

- Жорий йилнинг октябрь-сентябрь ойларида бўлиб ўтган танловнинг шаҳар, туман босқичларида 1986 нафар қизлар иштирок этиб, уларнинг 131 нафари вилоят босқичига тавсия этилди, - дейди Г.Алимова. - Кейинги йилларда ҳар бир вилоятдан икки нафардан қизларнинг ушбу мукофотга сазовор бўлаётгани иқтидорли қизлар учун яхши имконият бўлди.

Қизлар айни пайтда эришган ютуқларига тўхталиб, танлов комиссияси аъзоларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид саволларига жавоб бермоқда.

Г.МЎМИНОВА.