Самарқанддаги курашда “NEXIA-3” ютиб олган курашчи Тбилисида бронза медалини қўлга киритди
29-31 март кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича анъанавий “Гран-При” халқаро турнирида 52 давлатнинг 371 нафар спортчилари орасида самарқандлик Муҳаммадкарим Хуррамов муносиб иштирок этиб бронза медалини қўлга киритди.
У мусобақанинг сўнгги кунида - 100 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борди ва биринчи даврада ҳиндистонлик Автар Сингхни, иккинчи босқичда мўғулистонлик Хангал Одбаатарни мағлубиятга учратиб, чорак финалда голландиялик Михаэл Коррелга ютқазиб қўйди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда франциялик Клеман Делвер ва италиялик Жулиано Лопорчиони мағлуб этиб, мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Муҳаммадкарим Хуррамов жорий йилнинг 20 март куни Самарқанд шаҳрида “Наврўз” умумҳалқ байрами муносабати билан ўтказилган миллий кураш спорт мусобақасида мутлоқ вазн тоифасида бош соврин “NEXIA-3”ни қўлга киритганди.