Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги қурилишларнинг аксариятида паспорт йўқ, 250 та қурилиш объектидаги ишлар тўхтатилган

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Шукуров томонидан қурилиш бош бошқармасида ўтказилган семинар йиғилишда айтилди.

Шаҳар ва туманлар билан телемулоқот тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятда амалга оширилаётган қурилиш объектларида техник паспортлар жорий этилиши ҳамда қурилиш майдонларини ҳимоя тўсиқлари билан ўраш ҳолати қониқарсиз эканлиги, қурилиш объектларининг сифат талабларига риоя этилмаётгани, кўп қаватли уй-жойлар қурилиш объектларида шоу-рум (showroom)ларни ташкил этмаганлиги танқид остига олинди.

Баъзи ҳудудларда тасдиқланган дастурлар доирасида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда янги тартибдаги, намунали лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни фойдаланишга топширишнинг аҳволи ачинарли ҳолатда.

- Агар бундан буён қурилиш нормаларига амал қилинмас экан, ҳар қандай қурилиш объекти фаолияти қонуний кўриб чиқилади ва қурилиш ишлари тўхталади, - деди А.Шукуров. - Қурилишга оид хужжатларнинг расмийлаштирилишида ҳам бир қатор қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани оқибатида 250 та объектнинг қурилиш ишлари тўхтатилди. Қурилганига 5 йил бўлмасдан муаммолар кўпаймоқда. Сифатсиз қурилган иморат учун халқ олдида ҳамма жавоб бериши керак. Керак бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга ишчи гуруҳ тузилиб, улар ишига баҳо берилади, қонуний чора кўрилади.

Шунингдек, қурилиш объектида ишлаётган ишчиларга шароит қилинмаяпти, улар махсус кийим билан таъминланмаган, техника хавфсизлигига амал қилинмаётгани таъкидланди.

Йиғилишда вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Ҳамидов, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи Ҳамдам Жабборовнинг соҳада қилинаётган ишлар бўйича маълумоти эшитилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.