Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга Хитойдан 30 тонна қуруқ чой келтирилди

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин  пайтида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, барча ҳудудлардаги озиқ-овқат дўконларини зарурий  маҳсулотлар билан таъминлаш, нархлар ошиб кетишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги юзага келмайди. Бугунги кунда вилоятда турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан таъсис этилган 40 та божхона омборлари мавжуд бўлиб, уларнинг 29 таси очиқ турдаги ва 11 таси ёпиқ турдаги божхона омборлари ҳисобланади.

“Зарафшон” темир йўл станцияси орқали “SAMARKAND INVEST STROY SERVIS TORG” божхона омборига Хитой давлатидан 30 тонна миқдоридаги қуруқ чой келтирилди. Божхона постлари орқали киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари махсус лаборатория текширувидан ўтказилган ҳолда божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда. Божхоначилар карантин шароитидан келиб чиқиб, махсус ҳимоя воситалари билан ҳимояланган ҳолда хизмат олиб боришмоқда. Мақсад аҳолини хавфсиз ва кафолатли арзон маҳсулотлар билан таъминлашга эришиш.

“Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости таркибида 3 та божхона пунктлари фаолият юритади. Божхона пунктлари орқали вилоятда мавжуд темир йўл бекатлари орқали республикамизга кириб келаётган ва олиб чиқиб кетилаётган ҳамда транзит ҳаракатланаётган товарлар устидан божхона назорати олиб борилади. Жорий йилнинг 1-чорагида Россия, Хитой, Қозоғистон давлатига 19,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги  маҳсулотлар экспорт қилиниб, Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Қозоғистондан 123,6 миллион АҚШ долларидаги асбоб-ускуна, автомобиль бутловчи қисмлар, фармацевтика товарлари, металл ва нефть маҳсулотлари импорт қилинди.

Айтиш жоизки, божхона ҳужжатлари расмийлаштируви жараёнининг такомиллаштирилиши, соҳада замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилиши натижасида илгари бир неча кун давом этадиган ҳужжат расмийлаштириш ҳозирда бир неча соат ва саноқли дақиқаларда амалга оширилмоқда.

“DIAMOND-INVEST” божхона омборида бугунги кунда 4 хил ҳажмдаги 180 тонна маргарин маҳсулотлари сақланмоқда. Шартнома асосида Екатеринбургдан темирйўл орқали келтириладиган мазкур маҳсулот бугун савдо дўконларини таъминлаш учун етарли миқдорда. Карантин туфайли буюртмалар онлайн тарзда қабул қилинмоқда.

“DIAMOND-INVEST” божхона омбори директори Фарҳод Хушвақтовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь ойидан буён Афғонистонга 560 минг АҚШ доллари миқдоридаги фасоль, мош каби дуккакли экинлар экспорт қилинган. Шунингдек, омборда логистика  маркази орқали Қозоғистондан келтирилган 10 хил турдаги макарон, 8 хилдаги майонез, қайла, мураббо маҳсулотлари ҳам сақланиб, савдога чиқарилмоқда. Муҳими, каратин вақтида озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмаяпти.

Шунингдек, “Сайқал тайёрлов” божхона омборида 300 тонна салқин ичимликлар, 50 хил турдаги 5 тонна бўтқа ва 4 тонна ёрма маҳсулотлари захираси мавжуд. Бу маҳсулотлар нафақат вилоятимиз савдо марказлари, балки қўшни Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилояти бозорларига ҳам етказиб берилмоқда.

Тадбиркорларимиз карантин вақтида аҳолининг бирламчи ва зарурий озиқ-овқат талабига бўлган эҳтиёжини қондириш орқали экспорт-импорт жараёнларининг узлуксиз давом этиши ҳамда мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.