Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик ҳайдовчилар 3 ойда 10 миллиард сўм жарима тўлади

Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Абдунаби Носиров Паст Дарғом туманида ўтказилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” тарғибот тадбирида бу ҳақда маълумот берди.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари томонидан ўтказилаётган  рейд-тадбирлари давомида вилоят ҳудудида ҳар куни ўртача 2 мингта қоидабузарлик қайд этилади. Ушбу қоидабузарликларнинг мингдан ортиғи белгиланган ҳаракат тезлигининг оширилиши билан боғлиқ бўлмоқда. Шунингдек, ҳар куни 20 та атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолати учраяпти. Бунинг оқибатида йилнинг дастлабки уч ойида қоидабузар ҳайдовчилардан 10 миллиардан сўмдан ортиқ жарима ундирилди.

Учрашувда А.Носиров Паст Дарғом тумани ҳудудида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида гапириб, 4R-46 йўлининг Чархин ва Арабхона қишлоқларидан ўтган қисмида йил бошидан буён 16 та автоавария қайд этилганлигини ачиниш билан таъкидлади. Мазкур йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1 киши вафот этган, 12 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.

Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 4R-46 йўлининг  туман ҳудудидан ўтувчи 6-46 километрлари оралиғида 6 та фоторадар ўрнатилиб, ҳозирда белгиланган тезликни ошириш билан боғлиқ қоидабузарликлар қайд этилмоқда.

Учрашувда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ҳайдовчилар ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди.

Тадбир давомида бошқарма бошлиғи аҳолини ўйлантираётган саволларга батафсил жавоб берди, уларнинг таклифларини эшитди.

Б.Мустанов.