Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Санитар-гигиена шохобчалари талабга жавоб берадими?

Бир қарашда арзимасдек туйилган, бироқ ўрни келганда вилоят, мамлакат имижига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ушбу масала вилоят ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги аппарат йиғилишида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугун туризм соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати ҳудудлар ва уларнинг инфратузилмасини комплекс жадал ривожлантиришда туризм соҳаси етакчилик қилиши, долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ечиш, иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган. Яъни соҳани ривожлантириб, аҳолининг даромадлари, яшаш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва имижини яхшилашга асосий мақсад муддао ҳисобланади.

Бироқ жойларда масъуллар буни тўла англаб етяптими? Афсуски, бу саволга «ҳа», деб жавоб бериб бўлмайди. Негаки, вилоят ҳокими топшириғига асосан туман ва шаҳарларда биргина замонавий ҳожатхоналар қуриш учун 49 та ер майдонлари ажратилиши белгиланган. Бироқ маълумотларга кўра, Каттақўрғон, Пахтачи, Самарқанд, Паст Дарғом, Тойлоқ ва Пайариқ туманларида тадбиркорларга ер ажратиш бўйича қарор чиқарилмаган.

Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан соҳага хусусий секторни жалб қилиш ва тадбиркорлар фаоллигини рағбатлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш белгиланган.

Бундан ташқари, сайёҳлар ташрифи кузатиладиган ва аҳоли гавжум жойлар, М-37, М-39 магистрал йўл бўйларида жойлашган объектларда доимий мониторинглар, ўрганишлар ўтказиб бориш, санитар-гигиена шохобчаларини архитектура-қурилиш қоида ва меъёрларига, талабларига мос келтирилиши зарур.

Лекин қайта қурилиши керак бўлган 204 та ҳожатхоналардан 107 тасида тегишли ишлар бошланган бўлсада, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пайариқ, Самарқанд, Тойлоқ ва Паст Дарғом туманларида бу борада сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Умумий овқатланиш шохобчаларида 56 та санитар-гигиена шохобчалари қурилиши лозим. Маълумотларга кўра, уларнинг бор-йўғи 25 тасида зарур ишлар бошланган. Савдо мажмуалари, бозорларда 10 та, маданият ва истироҳат боғларида эса 4 та объект ҳамон қурилиш бошланишини кутмоқда.

Бундан ташқари, йўл бўйи хизмат кўрсатиш, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 52 та санитар-гигиена шохобчалари қурилиши керак. Аммо уларнинг 28 тасида масъулларнинг лоқайдлиги, тадбиркорларнинг ўзбилармонлиги оқибатида ҳеч қандай иш бошланмаган.