Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сергей Лушан - «Динамо» клуби бош мураббийи

Жорий йил 11 июль куни Самарқанднинг «Динамо» жамоаси қароргоҳида бўлиб ўтган йиғилишда клубга янги бош мураббий тайинланди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, клуб раҳбарияти ва футболчилар иштирок этган тадбирда жамоанинг жорий мавсумдаги мақсад ва вазифалари очиқланиб, ҳомийлар томонидан клуб олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилганлиги ҳақида таъкидланди.

Йиғилишда таниқли мутахассис Сергей Лушан «Динамо» клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Унга ёрдамчи мураббий сифатида Муҳитдин Ортиқов ёрдам берадиган бўлди.

«Динамо» ПФК бош директори У.Қобилов клуб ҳомийлари ҳамда самарқандлик минглаб мухлислар ишончини оқлаш учун янги бош мураббий билан бирга жамоа равнақи ва Суперлигага чиқиши учун бор куч ва имкониятлар ишга солинишини таъкидлаб ўтди.

С.Лушан ўзбек футболининг вакиллари Э.Шомуродов, С.Рашидов, О.Шукуров, Д.Ҳамдамов, Р.Ашурматов, А.Комилов каби бир қатор номларнинг кашф этилишига муносиб ҳисса қўшган мураббий. 47 ёшли тошкентлик мураббий футболчилик фаолиятида «Маъданчи» (Бекобод), «Океан» (Россия), «Крилья Советов» (Россия), «Ростелмаш» (Россия), «Уралан» (Россия), «Металлург» (Россия), «Юнит» (Россия), «Бунёдкор» (Тошкент) жамоаларида тўп сурган. Кўп йиллар Ўзбекистон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган.

Шунингдек, «Бунёдкор» ёшлари, Ўзбекистон-19 - ёшлар жамоаси, «Бунёдкор» жамоаларини бошқарган. Охирги марта «Суғдиёна» жамоасини майдонга олиб тушган эди. 2020 йил июлидан эса «Динамо» бош мураббийи бўлиб фаолият юритади.

У мураббий сифатида «Бунёдкор» клуби билан Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби (2016), кубок финалчиси (2017), Осиё чемпионлар лигаси иштирокчиси бўлган.

Дилшод ЎТАМУРОДОВ.