Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев яна бир бор ўзбек халқига мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Муҳокамаларга ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари яна бир бор халқимизга мурожаат қилди ва, жумладан, шундай деди:

– Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони 221 тага етди. Минг афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан 2 нафари вафот этди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдириб, сабр-тоқат ва бардамлик тилайман.

Азиз юртдошлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда 100 минг киши карантинга олинган. Шунингдек, чет элдан салкам 13 минг фуқаро олиб келиниб, улар ҳам тўла карантинга олинди. Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди.

Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда. Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади.

Ҳозирги кунгача 245 мингта тест, 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келиниб, даволаш муассасаларига етказилди. Бу ишлар яна давом эттирилмоқда.

Диагностика, даволаш, карантин ишларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, Жанубий Кореядан малакали шифокорлар келиб, ўз тажрибалари билан беморларни даволашда қатнашмоқда. Яқин кунларда бир гуруҳ хитойлик мутахассислар ҳам етиб келиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, врачларимиз хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқотда бўлиб, кундалик тажриба алмашмоқда.

Таъкидлаш керакки, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларимиз, албатта, ўз натижасини бермоқда. Касалликка чалинганларнинг 25 нафари тўлиқ соғайиб, реабилитацияга ўтказилди.

Фурсатдан фойдаланиб, бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, бизни фаол қўллаб-қувватлаётган халқимизга, азиз юртдошларимга раҳмат айтаман.

Шу билан бирга, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан айтиш керак.

Ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланди, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.

Муҳтарам ватандошлар!

Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.

Айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда.

Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалашига йўл қўймади.

Мутахассислар “япон феномени”ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асосламоқдалар.

Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Шунингдек, жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам давом эттириш лозим. Барча корхона ва ташкилотлар ҳар ҳафтада ўз ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриши зарур.

Ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажараётган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз фидойилигини юксак қадрлаймиз.

Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гаплар тарқалишига асло йўл қўймаслик лозим.

Нуроний оталаримиз, мунис оналаримиз ўз жонкуярлиги, сабр-бардоши, эзгу дуолари билан барчага ибрат бўладилар, деб ишонаман.

Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг.