Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шахс камолотининг ҳаётий формуласи

Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар таълим-тарбиясига оид беш ижобий ташаббусни барчамиз ўзига хос мамнуният ва хайрихоҳлик билан қарши олдик. Таъбир жоиз бўлса, бир овоздан қўллаб-қувватладик, берилган вазифаларни бажаришга киришдик.

Лекин жойларда натижадорлик, самарадорлик бир хилми? Ушбу ташаббусларнинг асл мазмун-моҳиятини қай даражада англадик?

Ҳар биримизда ана шундай ўринли саволларга асосли, жўяли жавоблар бўлиши шарт. Чунки бугун тараққиётнинг янги босқичига кўтарилаётган Ўзбекистоннинг имижи жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида кундан-кунга ёрқинлашмоқда. Барча соҳада туб бурилишлар юз бераётган ана шундай бир даврда ислоҳотлар шиддатига мос янги авлодни, янги шахсни тарбиялаш Президентимиз томонидан энг муҳим ва долзарб вазифа сифатида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борадаги эзгу интилишларнинг устувор йўналишлари эса беш ташаббус тимсолида аниқ белгилаб берилди.

Бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзаётган ташаббусларни амалга оширишда, шунчаки, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишгина кўзда тутилмаган. Бунинг замирида жуда катта эзгу ғоя, ҳикмат, илмий тафаккур маҳсули бўлган улуғ мақсад-муддаолар бор.

Чунончи, фарзандларимизни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатга ошно қилишга қаратилган биринчи ташаббус юксак дид, юксак фаросат соҳибларини тарбиялашга қаратилган интилишларни ўзида мужассам этган. Ахир биргина мусиқанинг ўзи инсон руҳиятига беқиёс ижобий таъсир этувчи қудратли кучдир. Санъат, шубҳасиз, инсонни, борлиқни англашга, унинг бор жозибадорлигини ҳис этишга ўргатади, эзгуликка чорлайди.

Иккинчи ташаббус - ёшларни жисмоний тарбия, жисмоний маданият, спортга ошно қилиш - ҳар томонлама соғлом авлодни камолга етказиш демакдир. Чунки фақат қадди-басти тик, жисмонан бақувват ва соғлом, руҳан тетик, ақлан расо ўғил-қизларгина комилликка даъвогар бўлади.

Ёшларнинг компьютер ва интернетдан самарали фойдаланишига шароит яратишга қаратилган учинчи ташаббус эртамиз эгаларининг ҳозирги ахборот технологиялари асрида замон билан ҳамнафас яшашига имкон яратади.

Бугун компьютер - қоғоз-қалам, калькулятор, телевизор, газета даражасидаги янги восита, ўқув қуроли. Замонавий билим манбаи. Интернет - бутун бошли халқаро кутубхона, чексиз имкониятлар дунёси. Жаҳонга юз тутаётган Ўзбекистон фарзандлари тенгдошларидан ортда қолмасин, десак, улар шу воситаларни қўллаш кўникмасини эгаллаши шарт.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш тўртинчи ташаббуснинг асосини ташкил этади. Зеро, юксак дид, юксак фаросатга эга, жисмонан соғлом, замонавий ахборот технологияларини пухта эгаллаган ёшларимиз, албатта, илмли, маърифатли бўлиши керак. Билим, тафаккурни шакллантириш манбаи эса — китоб. Усиз камолотга, маърифатга, маънавиятга эришиб бўлмайди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган бешинчи ташаббуснинг аҳамияти ҳам чексиз. Унинг моҳиятида жамиятда хотин-қизлар ўз ўрнига, мавқеига эга бўлсин, деган эзгу мақсадлар мужассам. Бу гендер тенглиги, муносиб меҳнат тарбияси, аёлларимизни меҳнатга ошно қилиш учун бирламчи шароит бўлган янги иш жойи дегани. Лекин ҳаётимиз гули, хонадонларимиз чарағони бўлган аёлларимизнинг мавқеини қандай кўтаришимиз мумкин? Хотин-қизларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқини таниши, ҳимоя қилиши, фаровон яшаши, тўкис ҳаёт кечириши, мустақил қарор қабул қилиши, моддий ва маънавий қарамликдан халос бўлиши учун, аввало, ўз ишига, касб-корига, даромадига эга бўлиши керак. Агар аёл оила фаровонлигига турмуш ўртоғи сингари ҳисса қўшса, демак, ўз ўрни ва сўзига эга бўлади, шу оиладан тўкин-сочинлик, фаровонлик, қут-барака аримайди.

Аслида, хотин-қизларимизни иш билан таъминлаш жиддий муаммо. Чунки яратилаётган иш ўринларининг аксарияти эркаклар учун мўлжалланган. Қолаверса, иш берувчилар ҳам рўзғор ташвишларидан холироқ кучли жинс вакилларини ишга олишга интилади. Ана шу ўткир ижтимоий муаммони бартараф этиш учун бешинчи ташаббус сифатида аёллар бандлигини таъминлашдек хайрли ишга қўл урилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, беш ташаббус - нозик дид, кенг тафаккур ва дунёқарашга эга, жисмонан ва руҳан соғлом фарзандларимизнинг ўз келажагини ишонч билан қуришлари ҳамда Ватан равнақига ҳисса қўша оладиган етук инсон бўлиб етишишларига мустаҳкам заминдир. Беш ташаббус - маданият, маърифат, маънавият ва спорт, компьютер ва ахборот технологиялари ва янги иш ўринларини ўзида бирлаштирган ягона инновацион ҳудуд, макон, муҳит демакдир.

Беш ташаббус - шахс камолоти учун зарур бўлган 5 муҳим омилни, хусусият, хислат, фазилатни шакллантириш учун ягона маконда барча зарур шарт-шароитларни яратиш демакдир. Беш ташаббус – “Юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!”, дея қатъий аҳд қилган, зеҳни ўткир, маданиятли, виждонли, ватанпарвар, жисмонан чиниққан, креатив фикрлайдиган, дунёдаги илғор тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган ёшларни тарбиялаш демакдир.

Беш ташаббус — янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги авлодини шакллантиришнинг энг мақбул парадигмаси — концепциясидир. Агар ушбу  ташаббусларнинг барчаси бир жойда, яъни маҳаллада мужассамлашса, билингки, шу маҳалла фарзандлари бахтиёр вояга етади. Ўз ишига, даромадига, оилавий фаровонликка эришган шу ҳудуд хотин-қизларидан бахтли аёллар бўлмайди. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ғоянинг асл қадр-қиммати ва моҳияти ҳам шунда.

Яна бир муҳим жиҳат: Президентимиз шу ягона муҳит, макон, шарт-шароитларни айнан маҳаллада яратиш кераклигини уқтирдилар. Чунки, Ўзбекистон маҳаллалардан ташкил топган. Барчамиз маҳаллада яшаймиз. Ёшларимиз маҳаллада вояга етади, униб ўсади.

Шу боис беш ташаббусни амалга ошириш жараёнида маҳалла аҳолисининг яшаш шароити, мавжуд инфратузилма, йўллар, ичимлик суви, газ билан таъминланганлиги, электр тармоғи, кўчаларнинг ёритиш тизими ўрганилмоқда. Оилавий томорқалар, ишсизлик, одамларнинг яшаш шароити, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит таҳлил этилмоқда, муаммоларни бартараф этишнинг зарур чоралари кўрилаётир.

Маҳаллаларда маданият марказлари, замонавий кутубхоналар, китоб ўқиш учун сокин жойлар, замонавий тўгараклар, компьютер ва тезкор интернет, Wi-Fi ҳудудлари, коворкинг хоналари, рақамли технологиялар ўқув марказлари, амфитеатрлар, универсал спорт майдонлари бунёд этилмоқда. Бу объектлар зарур ўқув қўлланмалари, бадиий адабиётлар, мусиқа ва чолғу асбоблари, спорт жиҳозлари, оптик толали алоқа линиялари билан таъминланмоқда. Хотин-қизларимиз учун муқим, муносиб иш ўринлари яратиляпти.

Зеро, инсон умр бўйи камолга интилади. Ақлий, руҳий, жисмоний етукликка. Давлатимиз раҳбари барчамизга ана шу камолотга эришишнинг энг оддий, энг содда, энг тўғри, моҳиятан ўта мукаммал шаклини — шахс камолотининг ҳаётий формуласини тақдим этди. Бу эзгу ғояни амалга ошириш учун эса, энг аввало, ана шу ҳақиқатни чуқур англашимиз лозим. Шунда беш ташаббус бутун Ўзбекистон узра қанот ёзади, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилинади. Бу борадаги эзгу ишларнинг келажакдаги меваси, маҳсули эса ундан баҳра олган янги Ўзбекистоннинг янги авлоди эришган юксак марраларда намоён бўлишига шубҳа йўқ.

 

Муродулло ХОЛМУҲАМЕДОВ.