Сирдарёлик отахон Оролга велосипедда етиб келди

 69 ёшли Абдурасул ота Алланазаров узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтиб ниҳоят, Оролга етиб келди. Бу ҳақда отахоннинг ўзлари бугунги берган маълумотларида маълум қилди.

Жорий йилнинг 22 июль куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридан велосипедда йўлга чиққан отахон куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманига етиб келиб бугун ўзининг азалий орзуси бўлган Орол бағрида ҳордиқ чиқармоқда.

- Мен Оролга автоуловда эмас, меҳнатларим билан велосипедда етиб боришни ўз олдимга мақсад қилдим. Буни эшитган баъзи бировларнинг ҳатто устимдан кулганлари ҳам бўлди. Ёши бир жойга бориб қолган отахон эсини еб қўйибди дейишди. Лекин менинг юрагимдаги истак шу қадар кучли эдики, бу муносабатлар йўлга отланишимга заррача таъсир этмади. Қайтанга менинг шижоатим янада кучайди. Мен ўзимга ишониб, Аллоҳга таваккал қилиб бу борада чиниққанлигим сабаб ҳам йўл азобларидан қўрқмадим. Шу туфайли бугун мен Оролга соғ-саломат етиб келдим. Албатта, бунда менга яқиндан ёрдам берган Ўзбекистон “Адолат”СДП вакилларининг хизмати катта бўлди. Йўл-йўлакай мени партиянинг Навоий, Бухоро, Хоразм, қолаверса Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгашлари ходимлари жуда илиқлик билан кутиб олишди. Шунингдек, қанчадан-қанча юртимиз одамлари манзилга етиб олишимга йўл-йўриқ бериб, саховат кўрсатишди. Мен улардан жуда-жуда миннатдорман. Бугунги мақсадим йўлидаги ғалабамга эришишимда уларнинг хизматлари беқиёс.

Оролга етиш орзусига эришган отахон бир муддат бу ерда қолиб, сўнг Хивадаги кўҳна қадамжоларни зиёрат қилишни ният қилган. Режадаги ишлар тугатилгач, Отахон Сирдарёга, оиласи бағрига қайтади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

ЎзА