Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сўровномалар орқали ҳам касалликни аниқласа бўладими? Ёхуд Қўшработ бозорида ўтказилган сўровда тўрт кишининг қандли диабети борлиги аниқланди

Вилоят эндокринология диспансерининг бир гуруҳ шифокор-мутахассислари Қўшработ туманидаги чекка Жўш маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган деҳқон бозорида бўлиб, фуқаролар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказишди.

Тадбир жараёнида аҳолининг ёши, жинси, тана вазни индекси, антропометрик кўрсаткичлари, кундалик турмушда жисмоний фаоллик ҳолати, овқатланиш тартиби, қайси касалликлар билан оғриганлиги ва қанақа дори воситалари қабул қилиб юриши каби саволларга жавоб изланди.

Сўровномаларда иштирок этган 48 кишининг қони таҳлил қилинганда, уларнинг 4 нафарида яширин қандли диабет касаллиги, икки кишида эса тугунли буқоқ хасталиги борлиги маълум бўлди.

- Сўровномалар ўтказиш орқали оммавий истеъмол қилинадиган маҳсулотлардаги калория даражасини камайтириш ва улар таркибидаги ёғлар, туз ва қанд миқдорининг мақсадли даражаларини ўрнатиш, шунингдек, уларнинг порцияларнинг тавсия қилинувчи миқдорларини белгилаш орқали стандартлари ва рецептураларини ўрганиш мумкин. Таълим муассасалари, савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа ташкилотларда соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш бўйича давра суҳбатлари ва  семинарларда бу саволларга жавоб топмоқдамиз, - дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Гулзода Негматова.

Бу каби тадбирлар Самарқанд шаҳрида, Ургут, Иштихон ва Паст Дарғом туманларида ўтказиш режалаштирилган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.