Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сталин таъқиб қилган Ғарибий ким эди?

Аввалги мақолаларимизда муҳаддис олим Имом Бухорий ҳамда нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Ҳазрати Махдуми Аъзам ва унинг авлодлари ҳақида сўз юритгандик.

Қуйида Шайх Назруллоҳхон Эшон ибн Низомиддинхон Ғарибий (1908-1986) ҳақида айрим маълумотларни келтирмоқчимиз.

Ғарибий йигирманчи асрнинг ўта мураккаб шароитида Зарафшон воҳасида аҳли суннат вал жамоат ақидасини бардавом айлаган тоғдек бардошли уламои киромларнинг пешқадами бўлган.

Отаси - Назруллахожа ибн Мусо хожа шу авлоднинг изчил давомчиси, замондошларидан танҳо эътиқодий - маънавий бисот қолдирган пиру муршиддирлар. Тўнғич фарзанди Ўроқхон Назруллоҳхон ўғлининг «Ибратли ҳаёт гулшани» китобидаги далилларга кўра, шажаралари Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)га етади. Аниқроғи, қиблагоҳлари жиҳатидан Яссавия тариқатининг ўн биринчи халқа раҳнамоси Шайх Худойдод Валининг қизлари Биби Ҳадиянинг ўғли Хожа Абдулбоситга боғланади. Шайх Олим Азизон «Ламаҳот»ида ёзишларича, Ҳазрат Хожа Абдулбосит Азизон Қосим Шайхнинг шогирдлари экан. Оналари даҳбедийлардан, Файзулла Хўжаевнинг отасининг опаси бўлган.

Асли ватани Нур қалъасига қарашли Сармих қишлоғи (яъни, ҳозирга Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги машҳур Сармиш сойи). Муҳаммад Носириддиннинг «Тўҳфат уз зоирин» тазкирасида «Бу зот Эшони Пир номи билан мўътабар бўлган Муҳаммадамин ҳазратларининг азҳобларидан (яқинларидан) эди», дейилади.

Сармиш сойи Шайх Назруллоҳхон Эшоннинг ота юрти бўлиб, тақдир синовлари сабабидан кейинчалик авлодлари ўнлаб манзилларни макон тутган. Шўролар тузумида бу шажара ва қайдларнинг юки оғир ва азоб эди. Диндор ҳисобланган авлодлар қамоқ ва сургунларда хору зор эди. Пайғамбар (с.а.в.) авлодидан эканликлари, улуғ авлиёга ворисликлари, Файзулла Хўжаевга мансубликлари туфайли Назруллоҳхон Эшон ибн Низомиддинхон оиласига ҳам қатағон бошланди. Улар Файзулла Хўжаевнинг «думи» сифатида «нишонда» турар эдилар. Оқибатда 1925 йилдан 1942 йилгача Қашқадарё-ю Самарқанддаги содиқ муридлари кулбаларида яширин яшашга мажбур бўлдилар. Қанча мушкулликлар етмасин, эртадан умидли бўлишиб, ҳар не кутса Аллоҳдан кутишди.

Ғарибий домла илм йўлида намуна эдилар. Шариат илмларидаги баркамолликлари, тариқатда пирлик мартабалари хотиржамликка йўл бермас, ортидан эрашганларга маърифат етказиш дастурларига айланган эди. Назмиётлари зиёда бўлиб, фикру тафаккурларини байтларга солар ва тарғиб этар эди.
Бу ҳақда бир тўртликларида шундай деганлар:

Зарару нафни Худодан бил,
Ушбудир эътиқоди аҳли дил.
Ҳеч тири ўзи отилмасдир,
Отмаса они ромийю оқил.

Ситамларга сабру бардош этиб, таъқиблардан бормаган мазгилу маконлари қолмаган ҳисоб эди. Бор бойликлари китобларини бағрига босиб, аҳли оиласини эргаштириб, гоҳ у қишлоққа, гоҳ бу қишлоққа беркинар эдилар. Ва ниҳоят қўнимлари 1942 йилда ҳозирги Жиззах вилояти Фориш туманидаги овлоқ Нарвон қишлоғи бўлди. Яхши художўй инсоннинг меҳмонхонасида яшаб турди. Қачонки, Сталин вафот этгач, ўзларига шахсий бошпана қуришга жазм этдилар. Қишлоқ халқи келган-кетганга уч ака-ука Назруллохон, Офтобхон ва Оппоқхонларни эшон деб эмас, «катта уста бобо», «ўртанчи усто бобо», «кенжа уста бобо», деб таништириб, уларни шу йўл билан муҳофаза қилишган.

Ғарибий домла 1986 йилда вафот этади. Қабри Пайариқ туманидаги «Оқтош ота» қабристонида.
Ушбу ҳар уч жиҳат Шайх Назруллоҳхон Ғарибийга хос ва мос эканлигини англаш мумкин:

1. Садақаи жория. Садақанинг асли «сидқ», яъни банданинг ҳеч бир тамасиз ёки шартсиз Аллоҳга садоқат билан қилган иши ёки сарфлаган маблағидир. Шайх Ҳазратлари қайси қишлоқда яшамасин, ўзларидан ортганини эмас, ўзларида борини муҳтожларга бериш билан сидқда бўлганлар;

2. Манфаатли илм. Юқорида оталари насабига кўра Шайх Худойдоди Валига, оналари сабабидан Махдуми Аъзам раҳматуллоҳу алайҳларга боғланишларини ёзган эдик. Ҳар икки бобокалонлари шариат илмида олим, тариқат илмида муршид, назмиётда муҳтарам бўлишгани ойдин ҳақиқат. Ана шу жиҳатлар Шайх Назруллоҳхонга мерос ўтган. Бу зотнинг Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ат-Таймий ал -Ўший Сирожиддин ал-Фарғоний ( вафоти милодий 1179 ) нинг арабчадаги «Қасидат ул-Амолий» қасидасига ёзган мукаммал шарҳи нодир ишлардан ҳисобланади. Таржиманинг ҳар бир сўзи, мисра ва байтида Қуръони Карим ва Муҳаммад (с.а.в.) нафаслари бор. Олтмиш беш сатрдан иборат бўлган «Тавҳид манзумаси» ҳақида ҳам айнан шу фикрни билдириш мумкин. Бу фойдали илмлардан қанчалар баҳраманд бўлиб, дуоларида ёд этишмоқда.
Яна бир жиҳати, ўлмас бадиий мерос –муножотлар, наътлар, манзумалар, ғазаллар, мухаммаслар, марсиялар, мувашшаҳлар ва насиҳатномалар қолдирганлар;

3. Ортидан солиҳ фарзанд қолдириш. Бу маънида Шайх Назруллоҳхон беармон раҳматийлардандир. Ибодатларда, тиловатларда ҳақларини адо этувчи фарзанди аржумандлари, зурриёдларига кўплар ҳавас этади. Тўнғич фарзандлари Ўроқхон (Рафъиддинхон) ҳожи муҳтарам падарлари ёди акс этган «Ибратли ҳаёт гулшани» , «Саодат сари», «Ўзингни англа» каби китоблар муаллифи.
Ўғилларидан Абувоҳидхон Назруллохон улуғ боболари Худойдоди Вали руҳини шод этиш йўлида Олим Шайх Азизоннинг «Ламаҳот» ( К.Каттаев билан ), шунингдек, Носуриддин Бухорийнинг «Тўҳфатуз зоирин», Абул Муин Насафийнинг «Баҳрул калон» асарларини форс ва араб тилларидан таржима қилиб, ўқувчиларга тақдим этди.

Мустақиллик шарофати билан изҳори ташаккур кунлар ҳам келди. Сайфуддин Сайфуллоҳ ва Одилхон қори Юнусхон ўғлининг «Соғлом эътиқод мўминга нажот», каминанинг «Кармана азизлари», «Туронзамин азиз авлиёлари ва уламолари тазкираси» китобларида ҳаётлари ва асарларига доир бир қатор нодир маълумотлар эълон қилинди.

2008 йилда Шайх Назруллоҳхон Ғарибийнинг 100 йиллик таваллуди муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент ислом институти томонидан «Қасидаи амолий» шарҳи ва тавҳид манзумаси нашр этилди. Буларнинг барчаси шарафга ҳақли олимга эҳтиром рамзи бўлди.
Таваллудларининг 110 йиллиги муносабати билан яна бир хайрли ишга қўл урилди. «Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази» нашриёти Ўроқхон ҳожи Шайх Назруллохон Ғарибий ўғлининг «Муборак сиймо» асарини нашр этди. Бу асар Ғарибийнинг ҳаёти ва ижодига теран чизгилар бўлиб, улуғ шайх ҳақларида эълон қилинган барча нашрларнинг жамланмасидир.

Суюндиқ Мустафо Нуротаий.