Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Стокгольмда ўзбек диаспораси иштирокида махсус PR-акция ўтказилди

Швецияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз Стокгольм шаҳри марказидаги машҳур Дроттнинггатан майдонига тўпланишди. Майдонда Ўзбекистон филармониясининг “Суғдиёна” миллий чолғулар камер оркестри томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганлар рақсга чорланди.

Маълумот учун, Дроттнинггатан майдони Стокгольм шаҳрининг асосий майдони ҳисобланиб, Европада “Қиролича кўчаси” номи билан танилган. Унда асосан йирик савдо марказлари жойлашган бўлиб, ҳар куни ўртача 16 минг сайёҳ ва маҳаллий аҳоли ташриф буюради. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамда ватандошлар кўмагида ташкил этилган ушбу PR-акция сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур тадбир доирасида фаол ватандошларимиз томонидан “Ўзбекистонни биласизми?” номли сўров ўтказилди. Унда йиғилганларга юртимиз ҳақидаги саволлар берилди. Саволларга тўғри жавоб берганларга “Uzbekistan” ёзуви туширилган эсдалик совғалари топширилди.

“Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан бу каби тадбирларни келгусида бошқа шаҳарларда ҳам ташкил этиш мақсад қилинди. Зеро бу каби тадбирлар юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади”, дейди Стокгольмдаги ватандошимиз Абдураҳмон Атакулов.

Таъкидлаш жоизки, бундан аввал Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Германия, Чехия, Россия ва БААда махсус пиар-акциялар ўтказилди.