Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллиги ва холислигига эришиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир

Азиз газетхонлар! Сизларга айтмоқчи бўлган қуйидаги фикр-мулоҳазаларимни анчадан буён ўйлаб, мушоҳада қилиб юрган эдим. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган тарихий Мурожаатномаси катта туртки бўлиб, қўлимга қалам тутдим.

Нима учун ушбу Мурожаатномани тарихий деб атаяпман?! Тарихий деб аташимизга тўлиқ асослар бор. Нега деганда, давлатимиз раҳбари томонидан  мамлакатимизни ривожлантириш билан боғлиқ илгари сурилган том маънодаги юксак ташаббус ва ғоялар тарихий нуқтаи назардан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Мурожаатномада мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатимиз аҳолиси ўртасидаги камбағаллик бўйича аниқ статистик маълумотлар эълон қилинди. Рақамларга яна бир бор жиддий эътибор қилинг: кам таъминланган, аниқроғи аҳолининг камбағал қатлами ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 12–15 фоизни ташкил этади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “... бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”.

Ва энг муҳими, камбағалликни камайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаш бўйича аниқ вазифалар қўйилиб, унга барҳам бериш йўллари кўрсатиб берилди. Улар билан тизимли равишда иш олиб бориб, касбга-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш  орқали муносиб иш жойи билан таъминлаш учун 700 миллион доллар ажратиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг дастурий маърузаларида, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва мулоқотларда, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида жамият ва давлат ҳаётида АДОЛАТни қарор топтириш энг асосий вазифа эканлигини бот-бот такрорлайдилар. Ўрни келганда, қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш жоиз:

“Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт”.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз суд тизими, унинг мустақиллигини амалда таъминлаш ҳақида гапирганларида адолат тушунчаси, унинг халқимиз ҳаётида нақадар муҳим аҳамият касб этишини ҳижжалаб тушунтиради. Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби, ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ, эркин фуқаролик жамияти шароитида адолатни қарор топтириш суд ҳокимияти орқали амалга оширилади. Мурожаатномада Президентимиз бу борада алоҳида тўхталиб, қуйидаги фикрларини айтиб ўтдилар:

“Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”.

Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”.

Суд тизимида қарийб 54 йилдан буён ишлаб келаётган судья, қолаверса, судьялар ҳамжамиятининг олий органи бўлган Судьялар олий кенгаши раҳбари сифатида Президентимизнинг ушбу фикрлари менга жуда катта масъулият юклади, мамлакатимиздаги барча судьялар ва суд тизими ходимлари олдига залворли вазифалар қўйди.

Шуни унутмаслик керакки, адолатни қарор топтиришда суд ҳокимияти мустақил ва холис бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши”, 112-моддасида эса, “судьянинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши” билан боғлиқ деган конституциявий қоида белгиланган.

Бугунги кунда ушбу Конституциявий меъёрларнинг ижроси қандай таъминланяпти, деган ҳақли савол туғилади. Эътироф этиш керак, сўнгги уч йилда суд тизимининг шиддат билан демократик тарзда янгиланиши Ўзбекистондаги суд ҳокимияти ривожланишининг том маънода янги даврини бошлаб берди. Соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимояси кафолатларини кучайтириш ва одил судловга эришиш даражаси ошди. Ўтган қисқа давр ичида замонавий концепцияга асосланган мутлақо янги ягона суд тизими яратилди. Шу тариқа суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципини амалда таъминлаш имконияти вужудга келди.

Шуни ҳам айтишим керакки, мен бир амалиётчи-ҳуқуқшунос сифатида бунга тўла риоя қилиняпти деб айта олмайман. Шубҳасиз, барчамиз Конституция ва қонунларимиз талабидан келиб чиқиб, суднинг мустақил ва холис бўлишини истаймиз. Судья дахлсиз, давлат муҳофазасида эканлигини биламиз. Аммо айрим шахслар, айниқса, мансабдорлар ҳар қандай ҳолатда ҳам суд қарори ўзларининг манфаатига мос бўлишини жуда хоҳлайдилар. Агар суд қарорида ўша мансабдор шахснинг чиқарган қарори ёки унинг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, манфаатига қарши қарор чиқарилса, ўз мавқеларидан фойдаланиб, қандайдир йўллар билан судьяга таъсир ўтказмоқчи бўладилар. Бундайларни ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этилаётган янги Ўзбекистоннинг мансабдор шахси деб бўладими? Ёки судьяларнинг айрим мансабдор шахслар томонидан ўзларининг фуқароларни қабул қилиш вақтларида жалб этилиши, натижада уларни асосий ишларидан қолдирилиш ҳолатларига нима дейиш мумкин?

Ҳозирги вақтда судларга келиб тушган барча ишлар компьютер дастурлари орқали судьяларга, шу жумладан, суд раисларига ҳам баробар тақсимланади. Энди ўйлаб кўринг, суд раиси ҳар куни иш кўриши керак, ишлар тайинланиб, фуқаролар (жабрланувчи, судланувчи, гувоҳлар ва бошқа тарафлар) судга чақирилган бўлади. Шундай бир ҳолатда ишни кейинга қолдириб, судья бошқа ишларга жалб қилинса, уларга нисбатан аҳолида ишонч йўқолмайдими? Минг афсуски, суд соҳасида бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу эса баъзи бир фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Амалиётда суд ишларига аралашиш, судьяларни уларга тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этиш, бир сўз билан айтганда, унинг мустақиллигига дахл қиладиган ҳар қандай тўсиқларга чек қўйиш жуда муҳим масала. Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган анжумандаги маърузасида ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бу ҳақда тўхталиб, қуйидаги қатъий талабни қўйди:

“Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади”. “Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун устувор вазифа, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт, суд ишларига аралашган ёки унга қандай шаклда бўлмасин босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”. 

Ўйлайманки, энди ўзини ҳурмат қилган ҳар бир мансабдор шахс, у қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, муҳтарам Президентимизнинг гапларидан тегишли хулоса чиқариши, қонун ва суд олдида барчанинг тенглигини эътиборга олган ҳолда суднинг мустақил ва холислигини таъминлаш ҳамда Конституциявий бурчларига оғишмай амал қилиши зарур. Судга ва судьяларга нисбатан бошқача муносабатда бўлиш ҳам мумкин эмас.

Бундан ташқари, муҳтарам Шавкат Миромонович ҳали Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимида ишлаб турган даврида, яъни 2016 йил 2 март куни 62-сонли қарор билан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ­ходимларининг намунавий одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаган эди.

Унда  ҳар бир раҳбар, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонунийлик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холисликни таъминлашга мажбурлиги, ушбу масалаларда раҳбар қўл остидагиларга ўрнак бўлиши, қонунга хилоф хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, давлат хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмаслиги, ўзига юклатилган ваколати ва мажбурияти доирасида фаолият юритиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш керакки, том маънодаги демократик ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги кунда ҳар бир давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ҳалоллиги, фидойилиги, поклиги, лавозимини виждонан бажариши ўз халқига ва Президентига садоқатини кўрсатиб турадиган асосий омил бўлиб ҳисобланади.

Шу ўринда яна бир жиддий масала бўйича фикр-мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Конституциямизда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари, Конституция ва қонун талабларига риоя этишлари, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шартлиги белгиланган.

Ҳар биримиз ижтимоий ҳаётда ушбу Конституциявий мажбурият ва бурчларимизга тўла амал қилаяпмизми, деб ўзимизга савол беришимиз керак деб ҳисоблайман. Айрим фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишда бузилган ҳуқуқларини ҳимоялашда қонун талабларига риоя қилмасдан, айниқса, суд қарорларидан норози бўлганларида қонунларимиз талабига ва уларга берилган ҳуқуқлардан фойдаланиб, белгиланган тартибда юқори босқич судларига мурожаат қилганларида ҳаддан ташқари ҳис-ҳаяжонга берилиб, оғзига келган гапларни гапириб, беҳаёлик билан ўз мақсадларига етмоқчи бўлади, бу йўлда ҳатто бошқа шахсларни давлат хизматчиси ёки мансабдор шахсларни ҳақоратлаб, обрўсизлантиришга ҳаракат қилади. Шундайларни кўриб, уларнинг халқимизга хос бўлган юқори маданият, юксак маънавият ва одоб-ахлоқдан қанчалик йироқлашиб кетганига афсус қиласан киши. Ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларимизни оғир-босиқлик билан, қонунларимиз талабидан келиб чиққан ҳолда тегишлилигига қараб мурожаат қилиш йўли билан ҳал этсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Бугунги очиқлик ва эркин замонда ҳуқуқий маданиятимиз ҳам шунга яраша юксак бўлиши лозим ва бунга эришиш тегишли давлат органлари ва кенг жамоатчилик олдида турган долзарб масалалардан биридир.

Мамлакатимиз фуқаролари бугун қонун ва қонуности ҳужжатлари билан танишиш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имкониятга эга. Нега энди биз мавжуд қонун, қоидаларга эътибор бермасдан уни бузиб қўйиб, кейин сарсон-саргардон бўлишимиз керак. Аслини олганда бунга ким сабабчи, ўзимиз эмасми? Айримларимиз қўлидан ҳеч иш келмайдиган, унинг ваколати доирасига кирмайдиган ишлар бўйича фирибгар-товламачиларга алданиб, сарсон-саргардон бўламиз, ҳаттоки, уларга “ишимни бажариб берар экан” деб пора берамиз. Кўзимизни очиб, ақл билан иш қилайлик, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларга ёки судга ишимиз тушганда нега алданиб пора бериш керак, у давлат одами-ку, етарли даражада ҳар ой иш ҳақи олади, буни тушуниб етишимиз лозим деб ўйлайман. Бундайлар манфаат кўрганларида ҳам қонун доирасида иш қилиб, сизни “ёрдам бердим” деб алдаётганига наҳотки ақлингиз етмайди.

Келинглар, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни бақир-чақирсиз, кимларгадир алданиб унга манфаат келтиришдан тийилиб, қонун доирасида қилайлик ва ўзимизнинг ҳуқуқий маданиятимизни, маърифатимизни намоён этиб, қонун талабларига риоя қилишни ўрганайлик.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, 2020 йил — Президентимиз томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши айни муддао бўлди. Гап шундаки, юқорида келтириб ўтилган, халқимиз орасида учраб турган баъзи бир салбий ёндашувлар илм-маърифатдан узоқ одамларга хосдир. Шу маънода ҳам Президентимизнинг илм, маърифатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганлиги жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда фақатгина ёшларни билимли, маърифатли қилиб тарбиялаш эмас, балки, бутун жамият аъзоларини илм ва маърифатга ошно қилиш лозимлигига алоҳида урғу қаратди ва қуйидаги ғояларни илгари сурди.

“Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”.

“Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”.

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз.

Ушбу Мурожаатнома ғояларидан келиб чиқиб, унинг ижросини таъминлашдаги Давлат дастурида 2020 йилда барча соҳа раҳбарлари олдига, ўтган йилга нисбатан ҳам ишчанлик, фидойилик ва ҳалоллик билан халқимиз манфаати ва фаровонлиги йўлида виждонан ишлаш вазифаси қатъий қилиб қўйилди. Бу масалада айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз иш фаолиятларини маданиятли тарзда, фақатгина қонунга бўйсунган ҳолда, олиб боришда ўта чуқур савияга эга бўлган кадрларни тайёрлаш ва лавозимларга тайинлаш; уларни хушмуомала бўлишларини талаб даражасига етказиш; қонунни бузган ходимларга нисбатан тегишли қонун талабларига мувофиқ зудлик билан чора кўриш; ходимни, фуқаролар билан мулоқотда бўлганларида процессуал қонун талабларига асосан муомалада бўлишини қатъий назорат қилиш ҳар бир идора раҳбарининг Конституциявий бурчи эканлигини унутмаслик; тергов органлари томонидан ҳақиқатни аниқлашда қўполлик, қўрқитиш, алдаш каби ҳаракатларга муросасиз бўлишни, ғайриқонуний усулларни қўллаган ходимни ишдан четлаштириш ва тегишли жавобгарликка тортишгача чора кўриш, ҳар бир раҳбарнинг вазифаси бўлиб қолиши керак бўлади.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда судларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Суд Ўзбекистон давлати номидан қарор қабул қилади. Шундай экан у қуйидаги талабларга қатъий амал қилиши шарт:

судья, судьялик мақомига мос киши бўлиб шаклланиши учун янада батафсилроқ, қонунларда ёзилмаган, аммо амал қилиши лозим бўлган инсонийлик фазилатларга ҳам қатъий риоя этиши зарур;

судья қандай масалани ҳал қилишидан қатъи назар ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини таъминлашда адолатли бўлишни ўзига шиор қилиб олиши лозим. Бунинг учун ўз касбининг билимдони, ҳаётий тажрибага эга бўлган, ҳар томонлама етук, савияси баланд ва ҳуқуқий маданиятли шахс бўлиши керак.

Ана шу хислатларни судья  ўзидан қидириши, шакллантириши, унга қатъий итоат этиши зарур. Судьялик касбига асло доғ тушурмасликлари лозим. Бунинг учун аввало судьядан сабр-бардош, шукроналик, ҳақиқий меҳнат ҳисобидан оладиган иш ҳақи эвазига яшашни ўрганиш, бу масалада барча оила аъзолари билан ҳамфикр бўлишлари талаб этилади. У ўз устида тинмай ишлаш, кўп ўқиш, изланиш, фикр юритиш, ҳар кунлик ишни режалаштириш, уни бажарилишини таъминлашда, ишнинг кўзини билиб ишлашга эришиш лозим. Судьялик касбида ишчанлик, ҳушёрлик, ҳаёт тажрибасини мукаммал эгаллаган, тинимсиз ҳаракат, машаққатли меҳнат ва етти ўлчаб, бир кесиш мақолига амал қилиш одат тусига айланмоғи зарур. Судьялар Президент ва халқнинг ишончига сазовор бўлишлари учун тегишли қонунларда кўрсатилган ваколати ва мажбурияти доирасида, масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ўз фаолиятини самимият билан, беғараз бажариши керак.

Ҳар қандай ҳолатда ва шароитда ҳам ўз касб маданияти ва одобига риоя қилиш ҳар бир судья учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиб қолиши шарт. Президентимиз таъбири билан айтганда,

“Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида —поклик устувор бўлиши лозим”.

Нега деганда, иши судга тушган ҳар қандай шахс судьядан фақат ҳақиқат ва адолат кутади. Шунинг учун судья ўз иш фаолиятида эътиборсизликка ёки таваккалчиликка йўл қўйиши асло мумкин эмас. Судда ишларни кўришда холислик принципига амал қилиш судьянинг қонуний бурчи ҳисобланади. Қайси ишда холислик бўлмаса, ўша иш адолатли ҳал этилмайди. Бунинг учун судья камтарин, меҳр-шафқатли, инсонпарвар ва мукаммал ҳуқуқий маданият эгаси бўлиши талаб этилади. Меҳр-шафқат бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди.

Фикр-мулоҳазаларимни тугаллар эканман, барча фуқаролар давлат хизматчилари, айниқса, мансабдор, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ходимлари, қолаверса, суд тизимида ишловчиларнинг қуйидаги ҳикматли гапларга эътиборини қаратишни маъқул деб топдим:

Яхшиликни беғараз қилмоқ ва қилинган яхшиликнинг эвазига бирон-бир яхшилик келишини кутиб қолмаслик.

Камтарлик, холислик, бировни жазолашга шошилмаслик.

Қонунни ҳурмат қилиб, адолатни қарор топтириш.

Бу сўзларнинг амалда бажарилиши — ўз халқини ва ватанини севиши билан баробардир. Адолат йўлида фидокорлик кўрсатмаган ки-шини ватанпарвар деб бўлмайди. Тўқликда очликни, улуғликда хорликни, шодликда ғурбатни эсдан чиқармаслик, ёмонликни заррача бўлса-да, қилмаслик, заррача бўлса-да яхшилик қилишдан эринмаслик керак экан. Ҳар биримиз кимлигимизни, қандай ваколатга эга эканлигимизни, халқимиз фаровонлиги учун масъул эканлигимизни бир зум бўлса-да, ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Алишер Навоий бобомизнинг “Эл, нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” деган ҳикматли сўзлари қулоқларимиз остида жаранглаб турсин. Киши, ким бўлишидан қаъти назар, мансабдорми, оддий фуқароми унинг ширин тили ва очиқ дили бўлмаса, у яхши инсон бўла олмайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг барчамиз учун ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бебаҳо сатрларидан бирини келтирмоқчиман:

“Ҳар кимки вафо қилса, вафо топғусидир!

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топғусидир!

Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топғусидир”.

Бу сўзлар барчамизга тааллуқлидир!

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.