Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суғдий ёзувидаги V асрга тегишли коса Челакдан топилганини биласизми?

Ўзбекистон тарихи давлат музейида 18 май Халқаро музейлар куни муносабати билан “Самарқанд музейи дурдоналари” кўргазмаси ташкил этилди.

Унда Самарқанд давлат музей қўриқхонаси фондининг энг ноёб ва нодир ашёлари илк бор ушбу кўргазмада намойиш этилди.

Шулардан бири V асарга тегишли мисдан ишланган косадир.  Коса 1961 йилда Самарқанд вилояти Челак шаҳридаги хонадонлардан бирида ер ковлаш вақтида топилган. Хонадондан топилган 4 дона косани археологлар ўрганиш жараёнида V асрга тегишли эканлигини, ёзувлари суғд тилида битилганини аниқлаган. Косаларнинг бири лат еганлиги боис музей фондида бўлса, яна бири Тошкентда сақланади. Косада раққос аёллар бўрттириб акс эттирилган. Марказда шох сурати чизилган бўлиши мумкин.

Музейлар тарихимиздан сўзловчи маскандир, - дейди Самарқанд давлат музей қўриқхонаси санъат бўлими катта илмий ходими Баҳром Йўлдошев. – Бугунги кўргазмамизда тарихимизнинг бир бўлаги акс эттирилди. Улар орасида сомонийлар даврига оид X асрга  тегишли тилла динорлар, 1977 йилда Афросиёб тепаликларини қазиш вақтида топилган VII-VIII асрга оид саккиз дона суякдан ишланган  шахмат доналари, XX асрга тегишли кумуш, бахмалдан ишланган камарбаста, милоддан аввалги III асрга тегишли терракота ҳайкалчалари ва санъат асарлари жой олган. 1996 йилда Самарқанд шаҳрига тақдим этилган “Амир Темур” ордени ҳам ҳокимият томонидан музейимизга тақдим этилиши тарихимизга бўлган ҳурмат намунасидир.

Кўргазмадан XIX-XX асрларга тегишли миллий либослар кўргазмаси, амалий ва тасвирий санъат намуналари ҳам жой олган.

Шунингдек, тадбир доирасида “Музейлар-ўтмиш ва бугун ўртасидаги кўприк: инновация йўлида” номли давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.