Музейга қачон боргансиз? Ёхуд Шарқ Эрмитажининг фойдаланилмаётган салоҳияти ҳақида
Мазкур савол ўзини зиёли санайдиган аксарият кишиларни ҳам шошиб қўйиши мумкин. Бунинг биринчи сабаби, кўпчилик музейга болалигида борган ва аниқ вақтини эслай олмайди, иккинчидан, бунга берилган жавоб кишининг маънавий савиясини ҳам ошкор қилиб қўяди.
Айни масала ҳақида гап кетганда, айбни фақат одамлардан қидириш нотўғри аслида. Танганинг икки тарафи бўлгани каби музейларни ҳам бугунги кун талабига тўлиқ жавоб беради, деб бўлмайди. Уларнинг фаолиятини “жонлантирадиган” нимадир етишмаётгандек. Балки улар жоиз шаклда реклама қилинмаётгандир. Ёки менежменти тўғри йўлга қўйилмаган. Хуллас, аниқ ва ноаниқ сабаблар билан халқ ва музей ўртасидаги кўприк бузилмоқда. “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Маҳмудхон Юнусов билан суҳбатимиз мазкур муаммо ва уни бартараф этиш чоралари ҳақида бўлди.
– Маҳмудхон ака, келинг, аввало, вилоятимиздаги музейларнинг имкониятлари ҳақида тўхталсангиз. Уларга ташриф буюрувчилар учун қандай қулайликлар бор?
– Самарқандда 11 та музей, 2 та кўргазма бор. 7 та музей ва 2 та кўргазма Самарқанд шаҳрида, Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон ҳамда Қўшработ туманларида биттадан музей жойлашган. Уларда умумий ҳисобда миллий музей фонди таркибига киритилган 240 мингга яқин ашё сақланади. Тизимли равишда янгиланиб борадиган кўргазмалар сони 20 тани ташкил этади.
Айтиш жоизки, музейларнинг эшиги доимо очиқ. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллексияларини кириб кўриш тартиби ҳамда шартлари тўғрисида Низом”га кўра, ҳар йили 2-8 сентябрь кунлари ташкиллаштириладиган “Музейлар ҳафталиги” доирасида аҳоли давлат музейларига бепул киритилиши белгиланган. Шу низомга мувофиқ, ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар ҳам давлат музейларига бепул киритилар эди. Янги тартиб билан жорий йилнинг 1 сентябридан улар ҳафтанинг исталган иш кунида музейга бепул кириши мумкин ва бу жараёнда ҳеч қандай муаммо йўқ.
– Музейларга ташриф буюрувчиларга ҳар куни соат 22:00 гача хизмат кўрсатиш ҳам белгиланган эди...
– Музейларда хизматлар соҳасини кенгайтиришга қаратилган шу ва бошқа вазифалар Президентимизнинг 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Аммо амалда уларнинг кўпи қоғозда қолиб кетди. Мисол учун, музейларнинг тунги вақтдаги фаолиятини ташкил этиш учун зарур механизм ишлаб чиқилмади. Яъни, биламизки, тунги вақтда ишни ташкил этиш музейларга қўшимча ходим олиш ёки мавжудларига қўшимча ҳақ тўлаш ҳисобига амалга оширилади. Бу жараён тўлиқ молияга боғлиқ. Масаланинг бу жиҳати ҳал қилинмас экан, янги лойиҳаларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Ўзи шусиз ҳам музейларда штатлар етишмовчилиги бор. Ҳозир штатлар шундай тақсимланганки, масалан, 40 мингта ашёси бор “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонасига ҳам, 240 мингта ашёси бор Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига ҳам 50 та штат бирлиги ажратилган. Бунда объект ҳисобга олинган-у ундаги иш кўлами ҳисобга олинмаган. Шу 50 тадан 3 таси реставратор штати ҳисобланади. Тасаввур қилинг, 240 мингта ашёси бор музейнинг камида 50 мингта ашёси реставрацияга муҳтож бўлади. 3 нафар реставратор бу ишни қандай эплайди? Умуман, биздаги реставрацияга муҳтож ашёларнинг ўзи Шаҳрисабздаги жами ашёлардан кўп.
Ёки муҳофиз лавозимини олиб қарайлик. Хивадаги “Ичан Қалъа” давлат-музей қўриқхонасида 50 мингта ашё бор ва уларга 15 нафарга яқин муҳофиз бириктирилган. Бизда эса биргина Ўзбекистон археологияси бўлимида 50 мингта ашё бор ва унга бир нафар муҳофиз штати берилган.
Соҳани тушунмайдиган ўқувчиларда шунча муҳофиз нима иш билан шуғулланади, деган савол туғилиши мумкин. Кези келганда айтиш керак, уларнинг иши жуда оғир ва мураккаб. Биринчидан, ҳар бир муҳофиз ишга кирганида ўзига топширилаётган ашёларни қабул қилиб олиш далолатномасини тузади. Кейин улар кирим китобига, ундан сўнг инвентарь китобига киритилади. Инвентарь китобида муҳофизнинг ҳар бир ашё устида олиб борган изланиши натижаси акс этиши керак. Кейинги қадам, ҳар бир ашёга илмий тавсиф варақаси ёзилади. Янги топшириққа кўра, энди барча ашёлар электрон базага киритилиши керак. Қолаверса, муҳофиз ўзига топширилган ашёлар учун жавобгар ҳисобланади. Бу ҳали у бажарадиган ишнинг ярми ҳам эмас.
Албатта, музейлар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ходим ёллаб, ишни мутаносиб тақсимлаши мумкин. Аммо бунинг учун бюджетимиз ўз ихтиёримизда бўлиши керак. Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан музей-қўриқхоналар чипталар сотилишидан тушган пул маблағининг 50 фоиз миқдорини ҳамда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағнинг 90 фоиз миқдорини Маданий мерос жамғармасига ўтказади.
Энди қаранг, биз бюджетдан фақат штатдаги ходимлар учун ойлик оламиз. Қолган барча харажатлар музей ихтиёрида қоладиган ўша 50 фоиздан қопланиши керак. Бунга бинони сақлаш, ҳудудни ободонлаштириш харажатлари, коммунал тўловлар, кўргазмаларни ташкил этиш сингари юзлаб тармоқларга бўлинган чиқимлар киради. Индаллосини айтганда, бугунги музей-қўриқхоналарда бирор янгилик қилиш учун ортиқча маблағ йўқ.
– Аммо Самарқандда туризм яхши ривожланяпти. Чипта сотиш ва объектларни ижарага беришдан тушадиган маблағнинг музейларда қоладиган қисми ҳам кам бўлмаслиги керак.
– Бу ҳолатда “Номи улуғ, сурпаси қуруқ”, деган мақол эсимга тушади. Сабаби, бугун вилоятимизда “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонасига қарашли бўлган, аҳоли доимо гавжум бўладиган, туристлар кирадиган фақат 4 та асосий музей объекти бор. Булар - Мирзо Улуғбек расадхонаси, Афросиёб музейи, Амир Темур масжиди ҳамда Амир Темур мақбараси. Улар балки ўз харажатларини қоплар, лекин бу бутун вилоятнинг кўрсаткичи эмас. Шахсан мен музейшунос сифатида вилоятимиздаги музейларга музей-қўриқхона мақоми берилиши тўғрими, деган саволни ўртага ташлаган эдим. Қайси маънодаки, агар бизга Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи ва унинг филиаллари мақоми берилса, биз қонунчиликка мувофиқ Маданий мерос агентлигига даромаднинг фақат 10 фоизини бериб, қолганини фаолиятимизни ривожлантиришга йўналтиришимиз мумкин бўлади. Ёки қонунчиликни қайта кўриб чиқиш лозим.
Ҳозирги музей 50 фоиз даромадини бериб, яна фойдага чиқадиган бой ташкилот эмас. Очиғи, 2021 йилнинг охирида айни муаммо сабабли бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ойлик оладиган 26 нафар ходимимизни ўз ҳисобидан таътилга чиқаришга мажбур бўлганмиз. Бу уятли ҳолат.
Ҳозир 54 нафар ходимга шу тартибда, яъни музейнинг топган пулидан ойлик тўланади. Уларсиз музейлар фаолиятини ташкил этиб бўлмайди. Ҳаттоки, яқин-яқингача музейларни қўриқлаб келган Миллий гвардия ходимларига ҳам музей ҳисобидан ойлик тўланган. Энди умумлаштиринг, музейларга керакли ходимларни штат асосида, яъни бюджетдан ойлик оладиган қилиб ишга олишимизга рухсат берилмаса, топган пулимизнинг 50 фоизи жамғармага кетса, қолган маблағ қилинаётган харажатлардан кам бўлса, тизимни ривожлантириш ҳақида гапириб бўладими? Бу масала фақат Самарқандга тегишли эмас, бошқа вилоятларда ҳам вазият шундай.
– Қонунчиликда музейларга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши амалиёти ҳам бор. Бу имкониятдан фойдаланяпсизларми?
– Айни тартиб ҳам Президентнинг юқорида қайд этилган қарорида белгиланган. Фақат халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ажратилаётган маблағ музей фондини бойитиш, оддийроқ қилиб айтганда, халқнинг қўлидаги ноёб, тарихий, бадиий қимматга эга ашёларни сотиб олиш учун ишлатилиши мумкин. Масалан, ўтган йили Кенгаш томонидан шу мақсад учун 500 миллион сўм ажратилган эди. Ушбу маблағ ҳисобидан милоддан аввалги II аср ва милодий ХIV асрга тааллуқли 41 дона бронза ойна коллекцияси, Қорахоний Иброҳим ибн Насрнинг 180 дона кумуш тангалари коллекцияси, Чиғатой хонлари (Баёнқулихон ва Тармаширин)нинг 236 дона динор ва дирҳамлари, жами 600 га яқин тарихий ва бадиий қимматга эга ашёлар харид қилинди. Бу йил Кенгаш яна 375 миллион сўм ажратди. Айтиш жоизки, айни амалиёт катта ютуғимиз бўлди. Масалан, ижтимоий тармоқларда чегарадан олиб чиқиб кетилмоқчи бўлинган кўплаб қадимий тангалар ёки бошқа тарихий ашёлар божхона ходимлари томонидан ушлаб қолингани ҳақида ўқиймиз, тўғрими? Бу қонунбузарликнинг келиб чиқиш сабаби нима? Албатта, музейларда маблағ йўқлигида. Фуқаро ёки коллекционерлар қўлидаги ашёларни қаердадир сотиши керак. Шу боис кўпчилик уларни хорижга олиб чиқишга уринади. Энди бу муаммо қисман ечимини топди. Қисман дейишимга сабаб ҳужжатда айни мақсадга ажратиладиган маблағ маҳаллий бюджетнинг ишлатилмай қолган қисмидан ажратилиши кўрсатилган. Яъни, йилнинг тўртинчи чорагида. Бу вақт жуда кам. Шу боис мазкур ҳолатни ҳам қайта кўриб чиқиш керак.
– Самарқанд шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Самарқандга “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация қабул қилинди. Айтинг-чи, биз бу мақом берадиган масъулиятга тайёрмизми?
– Музейларимиз Ўзбекистон маданиятининг хоҳлаган даврини кўрсата олади. Ўзбекистон маданияти дегани - бу Буюк ипак йўли давлатлари маданияти дегани. Неча минг йиллар давомида турли халқлар, мамлакатлар билан олиб борилган савдо-сотиқ, алоқалари натижасида бизга уларнинг маданияти, урф-одатлари ҳам кириб келган. Айнан шу Ўзбекистон, хусусан, Самарқанднинг “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” мақомига тўла мослигини англатади.
Иккинчи масала – бу уни қандай кўрсатишимизда. Илгари Самарқанд музейини Шарқ Эрмитажи дейишган. Бироқ ҳозирги даврда музей жиддий ислоҳотларни талаб қилади. Юқорида айтилган штатлар муаммосидан ташқари, музейларга замон талабига мос улкан бинолар ҳам керак. Бундан ташқари, бизда музейларни бошқаришнинг аниқ механизми ҳам йўқ. Соҳани илм билан эмас, ҳисоботлар билан бошқаришга ҳаракат бўляпти. Аввало, музейларга илмни қайтариш керак. Бунинг учун улар илмий ташкилот мақоми берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунда бу даргоҳга бутун дунёдан олимлар келади. Улар тадқиқот ўтказиб, натижаларини жамоатчиликка етказади, натижада музейларга ташриф буюрувчилар кўпаяди, туризм ривожланади. Ишонинг, бизда ўрганишга муҳтож ва дунё халқларининг ҳайратини оширадиган ашёлар етарлича.
Мана, масалан, биз яқинда Парижга 6 метрлик Афросиёб девори ва бошқа шу даврга оид ашёларни олиб бориб, намойиш қилдик. У ерда ашёларимизнинг каталоги чиқарилди. Бу парижликларда шунчалар катта қизиқиш уйғотдики, каталогнинг ўзи 4 марта қайта нашр қилиниб, 40 минг нусхада сотилди. Уларга қолса, биргина сосонийлар даврига оид кумуш тангамизнинг ўзини алоҳида кўргазма қилган бўлишарди. Хўш, бизда қандай? Афсуски, бизда ҳатто бутун бошли вилоятдаги бирорта музейга экскурсовод штати ажратилмайди. Ҳа, ҳозир музейларда расмий ишлайдиган экскурсовод йўқ. Айрим туристик фирмалар ёллаган экскурсоводлар эса тарихимизни билмагани етмагандек, уни бузиб, ёлғон афсоналарни қўшиб кўрсатишмоқда. Хуллас, тизимни қайта кўриб чиқишимиз ҳамда юқорида айтганимдек, унга илмни қайтаришимиз керак.
– Самимий суҳбат учун раҳмат.
Асқар Баротов суҳбатлашди.