Самарқанддаги музейларга ўта ноёб қадимий экспонатлар сотиб олинди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2022 йил 27 июлдаги қарорига мувофиқ, Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
Ушбу маблағ ҳисобидан милоддан аввалги II аср ва милодий XIV асрга тааллуқли 41 дона бронза ойна коллекцияси, XI асрга тегишли, асосан Қорахоний Иброҳим ибн Насрнинг 180 дона кумуш тангалари коллекцияси, Чиғатой хонлари (Баёнқулихон ва Тармаширин)нинг 236 дона динор ва дирҳамлари, ўндан ортиқ ранг-тасвир асарлари, тарихий либослар, кашта, фотоаппарат, уй-рўзғор буюмлари, ипак гиламлар, заргарлик маҳсулотлари, жами 600 га яқин тарихий ва бадиий қимматга эга ашёлар харид қилинди.
Шу йилнинг 27 май куни қабул қилинган “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида 2022 йил 1 июлдан бошлаб аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси ташкил этилиши ва доимий равишда ўтказиб борилиши белгиланган.
Мазкур акция доирасида ҳар йили давлат музейларига маданий бойликларни, шу жумладан мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини харид қилиш учун Маданий мерос жамғармасига давлат бюджетидан қўшимча 3 миллиард сўм, ҳудудлардаги тегишли давлат музейларига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетидан 500 миллион сўмдан маблағ ажратиб борилиши қайд этилган.
– Шу пайтгача музейлар ўзи ишлаб топган пулга, яъни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ашёлар сотиб оларди, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. – Бироқ бу ҳам кўпи билан 40-50 миллион сўмни ташкил этиб, музейлар фондини ўз вақтида комплектлаштириш учун камлик қиларди. Давлатимиз раҳбарининг қарорида белгиланган тартиб эса музейлар фондини бойитиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан алоҳида бадиий ҳамда тарихий қимматга эга ашёларни сотиб олишда жуда катта имконият яратди.
Бу экспонатлар юқоридаги ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида харид қилинди.
Яқин кунларда Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида жорий йилда харид қилиб олинган ушбу қимматли ашёлар кўргазмаси ташкил этилиши кўзда тутилган.