Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суриядан қайтган аёл иқрори ёхуд алданганлар орасида ҳамон меҳнат муҳожирлари кўп

 «Меҳр» операцияси орқали кейинги уч йилда уч юз нафардан зиёд аёллар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилди. Адашганларни кечириш, алданиб бориб қолганларга ёрдам қўлини чўзиш инсонпарварликнинг энг олий мезонидир. Суҳбатдошимиз ҳам мана шундай, алданиб, Сурияга бориб қолганлардан. Унинг фикрларини ўқиб кўргач, жуда кўп масалалар ҳақида фикр юритасиз. Алданиш ўз йўлига, унга олиб борувчи сабаблар, оилалардаги муҳит, ота-оналик масъулияти ҳақида ўйлай бошлайсиз. 

Ҳар кундан омон чиққанимизга шукур қилдик

- Сурияга қандай бориб қолганингиз ҳақида айтиб бероласизми?

- 2015 йилларда турмуш ўртоғим билан ажрашдим, ота-онамнинг уйига келишга мажбур бўлдим. Акаларимнинг ҳаммаси Россияда меҳнат қилар эди. Сиқилмасин, қолаверса, ўзига кам бўлсаям маблағ ишлаб топсин, деган мақсадда мениям чақиртириб олишди. Бордим, у ерда бир киши билан танишиб қолдим, асли каттақўрғонлик экан. Феълимиз тўғри келди, турмуш қурдик. Акаларим ҳам рози бўлишди. Турмуш ўртоғим компьютерида Сурия ва бошқа давлатларни кўрсатиб, доим ўша ерга борамиз, деган гапни айтарди. Мен бу гапларидан чўчирдим, рози бўлмасдим.

- Шу гапларидан сўнг сизнинг кўнглингизда шубҳа пайдо бўлмадими?

- Йўқ, чунки турмуш ўртоғим ичмасди, намозхон эди, мени доим авайларди. Кўп гапирмасди. Тўғриси, уйда отам ичкиликка берилгани учун доим ароқ ичмайдиган инсонга турмушга чиқишни орзу қилганман. Ароқ ичмайдиган, ёлғон гапирмайдиган инсондан ёмонлик чиқишига ишонмаганман.

- Лекин кейин барибир рози бўлибсиз-да, Сурияга боришга.

- У киши Туркияга борамиз, сени айлантириб келаман, деди ва йўлга чиқдик. Молдова орқали Туркияга боргач, симли, дала-сайҳонликлардан ўтдик. У ерда бизни кимлардир кутиб олди. Аллақандай ўсимлик далаларидан югурдик, жуда узоқ югуришимизга тўғри келди. «Нимага югуришимиз керак, биз хавфли жойга боряпмизми?» деб ҳайрон қолдим. Сўрасам, «Гапирма, кейин айтаман», дейди. Хуллас, шу тариқа чегарадан ўтиб Сурияга келдик.

- Унинг алдовидан жаҳлингиз чиқмадими?

- Йўқ, тақдир экан-да, деб ўйладим.

- Хўш, бордингиз, кейинги ҳаётингиз ҳам наҳот сизда заррача афсусланиш, ғазаб ҳиссини уйғотмаган бўлса?

- Биласизми, мен табиатан итоаткорман. Болалигимда акаларимнинг айтганини қилганман, кейин турмуш ўртоғимнинг. Тақдиримдан, деб билганман ва шу ҳаёт билан яшаганман.

Афсуски, турмуш ўртоғим орадан ярим йил ўтмай, жанглардан бирида ҳалок бўлди. У ерда катта ёшлиларга ҳар ой 50 АҚШ долларидан, болаларга 35 доллардан тўлаб туриларди. Бу маблағга бемалол кун кўриш мумкин эди.

- Сизнинг ҳаётингиз қандай кечди?

- У шундай бўлишини билар, менга ғамхўрлик қилишни яқин ўртоғига тайинлаб қўйганди. Унинг оиласи билан бир неча ой яшадим. Кейин ўзбекистонлик бир жангчидан совчи келди, унга турмушга чиқдим. Ҳомиладор бўлганимда маълум сабабларга кўра, унинг яна уйланишига рухсат бердим ва бир аёлни турмуш ўртоғимга никоҳладик. Беш хонали уйда бирга истиқомат қилдик. Орада фарзандимиз туғилди.

- Кундош билан яшаш азоб бермадими сизга?

- У ерда кунимиз ўтиши, ўлмай қолишимиз муҳимроқ эди.

- Вақтингизни қандай ўтказгансиз?

- Уй ишларини қилардик асосан, бўлди. Афсуски, бу турмуш ўртоғим ҳам кўп ўтмай жангда вафот этди. Биласизми, у ерда келажак учун режа тузиб бўлмайди. Бугун соғ-саломат эртагача етиб оламанми-йўқми, шуни ўйлардик.

- Бу турмуш ўртоғингиз ҳам вафот этгач, нима қилдингиз? Ахир энди бир ўзингиз эмас, ёш болангиз билан қолгандингиз.

-Ўзбекистонга қайтиш йўлларини излай бошладик. Шундай имкон бор, деб эшитганимиздан сўнг, бизга рухсат беришларини сўрадик. Аввалига исташмади. «Ўзбекистонга қайтиб нима қиласизлар, динларинг куйиб кетади, у ерда ҳижоблилар ҳибсга олинади, сизларга кун беришмайди» деб қулоғимизга қуйишди. Бу гаплардан сўнг иккиланиб қолдим.

- Сиз шу юртда улғайгансиз-ку, қандай қилиб ишондингиз?

- Турли аёлларнинг видеотасвирларини кўрсатишди, овозли хабарларни қўйиб беришди. Бир неча йил интернет, оламдан узилиб қолгач, кўп гапларга ишонаркансан-да.

Лекин барибир яқинлар соғинчи устунлик қилди, кетамиз, деганимиздан сўнг бизни яшайдиган ҳудудимиздан олисроқдаги палаткаларга олиб бориб ташлашди. У ерда бир неча кун яшадик. Ҳатто кўчага чиқмадик. Ҳар лаҳзада бомба портлайди, ўқлар худди ёмғирдай ёғиларди. Охири кўниб, бизни жўнатишди ва ниҳоят юртимизга етиб келдик.

- Мана, бир йилдан бери Ўзбекистондасиз. Нималардан хурсандсиз, нималар оғринтиради?

- Шукур, ўз яқинларим орасидаман. Аммо кўчага чиқишни истамайман, тўғриси. У ёқда кўчага чиқмай ўрганиб қолганим учундир, эҳтимол. Кейин бу ердаги баъзи қишлоқдошларимизнинг гап-сўзлари кўнглимга оғир ботади. Уларнинг хаёлида мен у ёқдаги жангчиларнинг тўшаги учунгина хизмат қилгандайман. Бундай қарашлар одамга азоб беради. Аммо фарзандим учун ҳаётимни аста-секин йўлга қўйиб оляпман.

- Раҳмат, саволларга самимий жавоб берганингиз учун.

 Эксперт фикри

Виктор Михайлов, Минтақавий хавфларни ўрганувчи марказ вакили:

- Маълумотларга кўра, экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолувчилар орасида мигрантлар ҳамон юқори ўринда. Бу уларнинг кайфияти, оиласидан узоқдалиги, ижтимоий, иқтисодий муаммоларига ҳам бевосита боғлиқдир. Миграция сони эса йилдан йилга ўсиб бормоқда. Кейинги 10-15 йил ичида 70 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Марказий Осиёда миграциянинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, биргина ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг сони 3 миллиондан ошиб кетган. Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг катта қисми Россияда бўлса (2,2 миллион киши), кейинги ўринда Қозоғистон (450 мингдан зиёд), Туркия (100 минг), АҚШ (60 минг) ва ҳоказо.

Бугун дунёда ёшларнинг виртуал ҳаёт, муносабатлар, жараёнларга боғланиб қолаётгани сир эмас. Ушбу оламда эса жанговар, агрессив хулқ нормал ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан экстремист гуруҳларнинг назариялари ва чақириқлари ёшлар учун жозибали кўринади. Улар ўзлари танлаган йўлнинг, ваъдаларининг натижасини дарҳол бажариши, агрессив хатти-ҳаракатларини амалда кўрсатиш имконини бериши ҳам ёшларнинг қизиқишини оширади.

Ижтимоий тармоқларда эктремистларнинг саҳифалари тўхтатилишига қарамай, ҳамон улар ёшларда ўзини ҳимоялаш инстинктини йўқ қилишга қаратилган,  итоатсизликка, ҳукумат тузилмасини ўзгартиришга, қонунлар, умумқабул қилинган қоидаларга итоат этмасликка чорловчи ахборотларни тарқатишга уринмоқда. Бундай ахборотлар ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан муаммолари бор ёшларга ўз таъсирини ўтказади. Баъзи ёшлар ўз ҳаётлари давомида дуч келган муаммолари, ноҳақликлари туфайли бундай ахборотларга эргашиб, нотўғри қарорга келади. Ватанидан олисда ҳижратни амалга ошириб, жиҳодга қўшилишга қарор қилади.

Бу ҳолатларнинг олдини олиш борасида марказимиз томонидан доимий, тизимли ишлар амалга оширилади. Хусусан, Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун радио ташкил қилинган, сайтимиз доим фаолият олиб боради. Мурожаатлар бўйича ҳам қатор ишларни олиб борамиз. Мамлакатдан чиқиб кетаётганда ҳар бир меҳнат муҳожири билиши лозим бўлган жиҳатлар бўйича ўқувлар ташкил қилиниши жуда муҳим, назаримда.

Гулруҳ Мўминова.