Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сурхондарёда топилган янги туғилган чақалоқнинг онаси қидирилмоқда

Бугун ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги бозор ҳожатхонасига ташлаб кетилган янги туғилган чақалоқ топиб олингани ҳақидаги видео тарқалган эди.

Унда шифокорлар, ИИБ ходимлари ва бошқалар чақалоқни жонлантиришга уринаётгани тасвирланганди.

Чақалоқнинг онаси тасвири бозордаги кузатув камераларига тушиб қолган ва айни вақтда у қидирувга берилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати чақалоқнинг ҳаёти сақлаб қолингани ва унинг айни вақтдаги ҳолати ҳақида маълумот берди. Маълум бўлишича, янги туғилган чақалоқ 2 июль куни Денов туманидаги «Лолазор» буюм бозори ҳудудидаги ҳожатхонадан топилган.

Ички ишлар органлари ходимлари ва тез тиббий ёрдам шифокорлари чақалоққа воқеа жойида биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишган. Чақалоқ 2-сонли вилоят перинатал марказига оғир аҳволда олиб келинган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Шифокорлар кўрсатган тиббий муолажалардан кейин чақалоқнинг умумий аҳволи қониқарли бўлиб турибди. Айни пайтда тиббиёт ходимлари томонидан сунъий озиқлантирилмоқда. Чақалоқ жинси - қиз бола, оғирлиги - 3500 грамм, бўйи - 50 сантиметр.

Ҳозирда чақалоқнинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган.