Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талабаларнинг 10 фоизи ётоқхонада яшайди. Қолганлар-чи?

“Олтин даврим” – икки йил

Олтин даврга қиёсланадиган талабаликнинг қанчалар бебаҳо эканлигини бошидан кечирган инсонгина ҳис қилади. Олий ўқув юртида тўрт йил таҳсил олган бўлсам, биринчи йил қариндошимникида яшаганман. Бу ерда ижара пули олинмасди. Эрталабки нонушта, кечки овқат қариндош ҳисобидан. Иккита нон кўтариб кирсам, “нима, кимдир сенга уйда нон йўқ, дедими, талаба бўлсанг, фақат ўқишни ўйлаш керак бу даврда”, деган дакки эшитардим. Бу яхши албатта, аммо барибир хижолат бўлардим.

Кейин икки йил талабалар турар жойида яшадим. Ётоқхона ўқиш, вақтида дам олишга қулайлиги баробарида овқат пишириш, кир ювишга кўниктирди.  Шунингдек, талабалар турар жойи ота-онанинг, ҳаётнинг қадрига етишга, тартибга ўргатди. Кечки пайт бирор жойга чиқадиган бўлсак, соат 21:00 дан кечикмасдан қайтишимиз шарт эди. Акс ҳолда кўчада қолардик. Ётоқхона менга жуда маъқул бўлган. Ҳақиқий талабалик – олтин даврим шу ерда ўтган кунларим, деб биламан. Учинчи босқични тугатганимизда ёзда бошланган таъмирлаш ишлари бир йилга чўзилиб кетди ва талабаликнинг охирги йилини ижарама-ижара, у квартирадан бу квартирага кўчиб ўтказганмиз. Айнан шу масалада ҳеч омадим чопмаган. Қайси квартирада турадиган бўлсам, ўша жойда бир муаммо пайдо бўларди. Шерикларим уй эгасининг талабларини бажармагани, ё биз турган квартиранинг сотувга қўйилиши ёки бошқа сабаб билан зудлик билан хонани топширишимизга тўғри келарди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир квартирада турганимизда эгаси қувмадиям, уйини сотмадиям, ижара пули ҳам ҳамёнбоп эди-ю сувараклар тинчгина яшашга қўймаган.

Бу воқеалар 15-20 йил аввал бўлган. Бугун-чи? Самарқандлик талаба-ёшлар олтин даврини қаерда ўтказяпти? Шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Самарқандда 50 мингга яқин талаба таҳсил олади

Самарқанд олий таълим муассасалари ва уларда таҳсил олаётган талабалар сони жиҳатидан Тошкент шаҳридан кейинги ўринни эгаллайди. Вилоятдаги мавжуд 9 олий таълим муассасасида 50 минг нафарга яқин талаба ўқийди. Уларни турар жой билан таъминлаш борасида қатор амалий ишлар олиб бориляпти, аммо бу борада муаммолар ҳам талайгина.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида 5 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Уларнинг 2 минг нафарга яқини ўз уйида, 667 нафари институт қошидаги  2 та талабалар тураржойида яшаса, қолганлари ижарада ва яқинларининг хонадонида туради.

Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 4 минг нафардан ортиқ талабасининг 1104 нафари институт қошидаги 3 та талабалар турар жойида яшайди. 1245 нафар талаба ижарада туради. Яқин орада институтнинг 800 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилгач, ўқув биноси сифатида фойдаланилган масканлар қайта таъмирланиб, 600 ўринли талабалар тараржойлари ташкил этилади.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг 2500 нафардан зиёд талабаларидан 250 нафаригина Даҳбет кўчасида жойлашган 250 ўринли талабалар тураржойида истиқомат қилади.

Ўтган йили ташкил этилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига дастлаб 225 нафар йигит-қизлар ўқишга қабул қилинган эди. Уларнинг 58 нафари Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежига қарашли бўлган талабалар тураржойида яшаган. 120  ўринга мўлжалланган мазкур талабалар тураржойи филиалга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган ва айни пайтда бино жорий таъмирдан чиқарилмоқда. 2020-2021 ўқув йилида эса яна 300 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган.

Универститет талабалари учун 2 та янги тураржой қуриляпти

Самарқанд давлат университетида (2019-2020 ўқув йилида) 17 минг 994 нафар талаба мавжуд бўлиб, кундузги таълим йўналишида таҳсил олаётганлар 11 минг 588 нафарни ташкил этади.

– Ҳозирги кунда университетимизда 1644 ўринли 6 та талабалар тураржойи мавжуд, - дейди университетнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Камолиддин Давронов. – Ўтган йил 200 ўринли янги тураржой қурилди. Хориждан келган профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун бунёд этилган мазкур бинода замонавий шароитлар яратилган. Айни пайтда эса Самарқанд шаҳар Ўзбекистон кўчасида 300 ўринга мўлжалланган талабалар тураржойи  биноси қурилмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилаётган мазкур турар жой 2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, университет бош биноси ҳовлисида хорижлик талабалар  учун 70 ўринга мўлжалланган тураржой биноси ҳам 2021 йилда фойдаланишга топширилади.

Маълумотларга кўра, университет талабаларининг 4000 нафардан ортиғи Самарқанд шаҳрида ижарада ёки қариндошлариникида яшайди.

Жанубий Кореяда бошқача

Жанубий Кореяда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган ёшлар биринчи босқичнинг ярим йили давомида  талабалар тураржойида яшашга мажбур. Фақатгина муассаса жойлашган шаҳарда яшовчи талабаларга ўз уйларида яшаб, ўқишга қатнашига рухсат берилар экан.  Узоқдан келиб ўқийдиганлар бу ҳудуддаги шароитларга ярим йил давомида кўникма ҳосил қилгандан кейингина ижарада туришга рухсат берилади.

- Ўтган йил Жанубий Кореянинг Тежон шаҳрида жойлашган Солбриж халқаро бизнес мактаби (Solbridge International School of Business)га грант асосида ўқишга қабул қилингандим, - дейди қўшработлик Охунжон Олимов. – Биринчи ярим йил давомида талабалар тураржойида яшадим. Икки кишилик хонада франциялик йигит билан турганман. Ётоқхонада барча имкониятлар мавжуд. Хожатхона, ювиниш хонаси, дарс қилишимиз учун алоҳида стол-стул, китоблар жавони. Шунингдек, дам олиш, овқатланиш учун ҳам қулайликлар яратилган. Нонушта талабалар турар жойи ҳисобидан. Тўғри, бу ернинг тўлови бошқа жой ижара ҳақидан кўпроқ, аммо биринчи ярим йилликдан кейин ҳам кўпчилик талабалар тураржойида қолишни истайди. Бу ердаги муҳитни замонавий шароитларга эга хонадонлардан топиш қийин. Сабаби дунёнинг турли давлатларидан келган ёшлар билан суҳбатлашиш, баҳс-мунозараларга киришиш, тил ўрганиш, интернет тармоғидан фойдаланиш ва бошқа бир қатор қулайликлар билим оламан деган ҳар бир ёш учун катта имконият.

Туркманистонлик Ақмурат дейдики...

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида (2019-2020 ўқув йилида) таҳсил олаётган 5082 нафар талабадан 801 нафари талабалар тураржойида, 1423 нафари ижарада, қолганлари эса  ўз уйларида яшайди. Талабалардан бир нафари Туркманистондан, 16 нафари Қорақалпоғистондан, 1327 нафари мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан. Институтда 818 ўринга мўлжалланган 3 та талабалар тураржойи мавжудлигини ҳисобга олсак, фақатгина бошқа ҳудудлардан келиб ўқийдиган талабаларнигина қамраб олишга ҳам имконият йўқлиги ойдинлашади.

- Икки йилдан бери шу институт талабалар тураржойида яшаб, ўқишга қатнайман, - дейди туркманистонлик Ақмурат Одаев. – Оиласидан узоқда бўлган мусофир ёш йигит-қиз учун бу жуда қулай. Ижарада туриш учун эса бу ердагидан икки-уч баробар кўп тўлов қилинади. Бундан ташқари ҳар кимнинг уйи ҳар хил. Бири хавфсизлик талабларига жавоб беради, иккинчиси эса йўқ. Талабалар тураржойида ҳар бир киши учун бир хил шароит. Ўзбекистонлик икки ўртоғим билан уч кишилик хонада турамиз. Улар билан ака-укадек бўлиб кетганмиз. Шароитлар яхши. Туркманистонда Жемагат хўжалиги институти талабалар турар жойи билан танишганман. Бу ердагидан фарқли жиҳати, замонавий жиҳозланган алоҳида кир ювиш ва дазмоллаш хоналари мавжуд бўлиб, махсус ишчилар хизмат кўрсатади.

Талабаларни ижарага қўйган “тадбиркор” солиқ тўлаяптими?

Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасаларида, коллеж ва лицейларда бошқа ҳудуддан келиб таълим оладиган талаба ва ўқувчи ёшлардан қаерда яшашини сўрасангиз, аксарияти ижарада туришини айтади. Улар ижарада турадиган хонадонларнинг асосий қисмида талабалар учун етарли шароит мавжуд эмаслиги ҳам ҳақиқат. Боз устига ёшларни ижарага қўйиб ойига мўмайгина даромад қиладиган фуқаролар шартнома тузганлиги ва шу асосида солиқларни тўлаб келаётгани амримаҳол.

– Вилоят бўйича 3095 нафар фуқаро тураржойини шартнома асосида ижарага берган ва тўловларни амалга ошириб келади, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Даврон Равшанов. – Кўпинча ижара шартномаси тузиш учун ҳарбийлар солиқ идорасига келишади. Аммо вилоятда қанчадан-қанча оилалар ижара асосида яшайди, шу жумладан талабалар ҳам. Хонадонларини ижарага берувчи аксарият уй эгалари шартнома тузмаган.  Яна бир томони, ижарачи томонидан уйига зарар етказилса, уни ундириб олишнинг ҳуқуқий имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, ижарачилар ўқувчи ёки талаба ёшлар бўлса, уларнинг юриш-туришига, тартиб-интизомига,  дарс қилиш ва дам олиши учун шароит яратишга ижарага берувчи масъулиятлироқ бўлармиди?! Шу ўринда эслатиб ўтмоқчиман, тураржойини шартнома тузмасдан ижарага бериш фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробаридан 10 баробаригача миқдорда жаримага солишга олиб келади.

Ёшлар агентлиги нима дейди?

Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларнинг бор-йўғи 10 фоизигина талабалар тураржойларида яшаб келмоқда.

– Бу масала нафақат вилоятнинг олис туман ва шаҳарларидан, балки бошқа вилоятлардан, қўшни давлатлардан келиб таълим олувчи ёшлар учун ҳам кўпгина ноқулайликларни келтириб чиқармоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. - Тураржойга эҳтиёж юқорилиги сабаб талабалар хонадонларда туриши учун ижара пуллари ҳам ошиб кетган. Шунингдек, ижарада яшовчи талабаларнинг кўпчилиги санитария талабларига жавоб бермайдиган уйларда туриши, хонадон эгалари томонидан ижара шартномаларининг тузилмаслиги ҳам муаммо. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида бўшаб қолган касб-ҳунар коллежларининг ётоқхоналари олий таълим муассасаларига фойдаланиш учун берилса, яхши бўларди. Тўйларимизнинг ихчамлашиши туфайли бўшаб қолган базмгоҳлар талабалар турар жойларига мослаштирилса, бу ёшлар учун ҳам, тадбиркор учун ҳам фойдали бўлади, бизнингча. Талабаларни ижарага қўйиш фаолияти билан шуғулланаётган хонадонларни ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан доимий мониторинг қилиб бориш, уларнинг электрон базасини шакллантириш зарур.

Ижарада турадиган ёшларнинг кўпчилигидан талабалар тураржойида яшаш истаги бор ёки йўқлиги ҳақида сўраганимизда барчасидан бир хил “албатта, бор”, деган жавоб олдик.

Эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз учун муносиб имкониятлар яратиш муҳим масала. Уларнинг замонавий шароитларга эга талабалар тураржойларидан фойдаланишга ҳаққи бор, албатта. Бунинг учун олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ва бошқа мутасаддилар давлат-шериклик асосида талабалар турар жойлари қуришга киришиши лозим. Шундагина талабалар етарли шароитларга эга бўлмаган, қишда совуқ, ёзда иссиқ бўладиган, сувараклар босган хонадонларда яшамас эди. Уларнинг ота-онаси пешона тери билан топган пуллар ноқонуний ижара хизмати билан шуғулланадиган кишилар чўнтагига эмас, хусусий бўлса-да, қонуний хизмат кўрсатувчи замонавий талабалар тураржойларининг кассаларига тушарди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

                “Зарафшон” мухбири.